Тиббиётда хусусий секторнинг ўрни мустаҳкамланади
Мазкур тармоққа давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматларни сифат жиҳатидан юксалтириш ва янада тўлдиришга кўмаклашадиган муҳим таркибий қисм сифатида қаралмоқда.
Вилоятимизда ҳам хусусий тиббиётни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" бўйича биргина жорий йилда 61 хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. 11 муассаса фаолияти кенгайтирилди. 25 та давлат мулки объектини аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига "ноль" қийматда бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. 13 та хусусий тиббиёт муассасасига имтиёзли кредит ажратилди. Бу каби имтиёз ва имкониятлар туфайли бугунги кунда вилоятдаги хусусий тиббиёт муассасалари 270 дан ортиқ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, аҳолига замонавий хизмат кўрсатмоқда.
Йил бошидан буён 17 хусусий тиббиёт муассасаси чет эллардаги нуфузли клиникалар мутахассисларини жалб этган ҳолда 1000 нафардан ортиқ беморни кўрикдан ўтказди. Кўрик натижалари асосида мураккаб жарроҳлик амалиётлари шу ерда бажарилди.
Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 10 та давлат даволаш профилактика муассасасида беморларни овқатлантириш хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг тизими асосида ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган бу каби ишлар соҳада хусусий секторнинг ўрнини янада мустаҳкамлаши, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини юксалтириши шубҳасиз.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишларнинг янги босқичини бошлаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Ушбу ҳужжатларда хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу борада амалга ошириладиган ишлар 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва концепцияни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида аниқ белгилаб қўйилди.
Энг муҳим янгиликлардан яна бири, вазирлик таркибидаги хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, ўрнида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси ва ҳудудий бўлимлар ташкил этилди.
Мазкур бошқарма, унинг ҳудудий бўлимлари соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга ошириш, тиббиёт ташкилотларининг мол-мулкини, жумладан, ер участкаларини муомалага киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик асосида инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий тиббиёт ташкилотларининг тиббий туризм салоҳиятини тубдан оширишга йўналтирилган кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш, давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизмат кўрсатишни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларнинг тури ҳамда ҳажмини кенгайтириш каби вазифаларни амалга оширади.
Давронбек ЖУМАНИЁЗОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.