Тилхат билан қарзни ундирсам бўладими?
- Бир танишимга кўп миқдорда пул қарз берганман. Нотариусга боришга имконият бўлмаганлиги учун танишим ўз вақтида қайтариб бераман, деган мазмунда тилхат ёзиб берган эди.
Орадан бир неча йил ўтди, қайтармаяпти. Ўша тилхат билан қарзимни ундирсам бўладими?
Илҳом ҚУВОНДИҚОВ,
Каттақўрғон тумани.
- Ҳа, бўлади. Фақат қарздор берган тилхат қарз шартномасининг айрим шартларига жавоб бериши керак. Фуқаролик кодексининг 733-моддаси 3-қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки маълум миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа бирорта ҳужжат мавжуд бўлса, ўша вақтда қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
Зафар ҚАРШИЕВ,
ҳуқуқшунос.