Тизимли назорат ва мониторинг зарур
26 июнь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, ўттиз иккинчи сессияси ўтказилди
Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарган сессияда депутатлар, кун тартибидаги масалаларга дахлдор бошқарма ва идоралар раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Абдуллаев иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ижтимоий соҳа муассасалари, умумий овқатланиш шохобчалари ва вилоятлараро автомобиль йўллари бўйидаги жамоат ҳожатхоналарининг санитария-гигиена тизимини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилояти бошқармаси бошлиғи в.б Р.Курбонов ҳисобот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятдаги 1030 та таълим муассасасида назорат тадбирлари ўтказилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган 474 та муассаса масъулларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган, 21 та муассаса фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган ҳамда тиббий кўрикдан ўтмаган 59 нафар ходим ишдан четлаштирилган. Шу билан бирга, айрим мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида ҳожатхоналарнинг таъмирталаб ҳолатда эканлиги, қўл ювиш учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, дезинфекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги қайд этилган. Бунинг оқибатида йилнинг биринчи чорагида вилоятда болалар ўртасида вирусли гепатитнинг “А” тури касаллиги ва паразитар касалликлари ўсиш ҳолати кузатилган.
Соғлиқни сақлаш муассасаларида 332 та давлат санитария текширувлари ўтказилиб, санитария талабларига риоя этилмаган 20 та даволаш-профилактика муассасаси фаолияти вақтинча тўхтатилган, 15 та муассаса раҳбарларига тақдимномалар киритилган ҳамда 194 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.
Депутатлар ҳисобот юзасидан савол ва таклифларини билдирди. Гап инсон саломатлиги билан боғлиқ экан, бу борада тизимли назорат ва мониторинг ишларини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидладилар.
Шундан сўнг, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, Каттақўрғон тумани Мелихўжа маҳалласи ҳудудида “Электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат зонаси” ташкил этиш, вилоятда фестиваллар, томоша-концерт ва йирик оммавий тадбирларни тизимли ташкил этиш чора-тадбирларини тасдиқлаш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Б.Абдуллаев кун тартибидаги масалалар муҳокамасида депутатларнинг фаол иштироки муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, мутасаддилар ахборот ва ҳисоботлари юзасидан қабул қилинган Кенгаш қарорларини ижросини таъминлашда самарали назорат ўрнатиш зарурлигини қайд этди.