Тўрт вилоятга раҳбар бўлган ҳоким

Бугун Сирдарё вилояти раҳбарлигига тайинланган Эркинжон Турдимов учун бу лавозим, вазифа тўртинчи вилоят ҳокимлигидир.

Шу пайтгача икки ёки уч вилоятда биринчи раҳбар бўлиб ишлаган ҳокимлар (Зойир Мирзаев, Хайрулла Бозоров)ни биламиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлган. Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими, марҳум Ўктам Барноев ҳам аввал Самарқанд вилоятида биринчи раҳбар бўлганди. Самарқанднинг яна бир собиқ ҳокими Туробжон Жўраев Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини бошқарган.

Эркинжон Турдимов ҳокимлик фаолиятини 31 ёшида, 2000 йилда Хатирчи туманига раҳбарлик қилишдан бошлаган.

2008 йилда, 39 ёшида Навоий вилояти ҳокимлигига тайинланган (ўша пайтда вилоят ҳокимлари орасида энг ёши).

2016-2018 йилларда Сурхондарё вилояти, 2018-2024 йилларда Самарқанд вилоятининг биринчи раҳбари бўлган.

Уч вилоят ҳокимлигидан ҳурмат-иззат билан, чопон кийдириб кузатиш, давлат мукофотлари билан тақдирланиш ҳамма раҳбарга ҳам насиб этмайди.

Тўртинчи марта вилоят ҳокими бўлиш, бу – жуда катта ишонч, бой ҳаётий тажриба, раҳбарлик салоҳияти ва юксак масъулиятдир.

Хуллас, бугун Эркинжон Турдимовга ана шундай шараф, давлат раҳбарининг ишончи, халқнинг ҳурмати насиб этиб турибди.

Вилоятдошимиз, Самарқанднинг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимовга Сирдарё вилоятидаги фаолиятида ҳам муваффақият, мустаҳкам соғлиқ тилаймиз!