“Тошкент-Самарқанд” пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди
Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий ҳужжатини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан 350 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан Австриянинг “ILF Consulting Engineers Austria GmbH” компанияси томонидан лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 1,5 млн евро миқдоридаги маблағлар ажратилди.
Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси хабарига кўра, ўтказилган тендер савдо натижаларига кўра Туркиянинг “Proyapı Mühendislik ve Müşavirlik A.Ş.” (PROYAPI) компанияси ғолиб деб топилиб, 1 миллион еврога тенг бўлган шартнома имзоланган. Бугунги кунга қадар консультант томонидан дастлабки ҳисобот ва инвестиция олди ўрганиш лойиҳаси тақдим этилган ҳамда ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган. Лойиҳанинг умумий узунлиги 305 километрни ташкил қилмоқда.
Лойиҳа халқаро стандартларга жавоб берадиган 305 км узунликдаги автомобиль йўли 6 тасмали “Автомагистрал” талаблари асосида қурилади. Шунингдек, ҳамма туташма ва иншоотлар устидан янги кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш кўзда тутилган.
“Тошкент-Самарқанд” пуллик автомобиль йўли қурилиши натижасида ҳаракат жадаллиги тақсимланишига олиб келади. Йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти халқаро стандартлар бўйича 13 тонна ҳисобида амалга оширилади ҳамда автомобиль йўлининг хизмат қилиш муддати 25 йил этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 8 апрелда “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Фармонига асосан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Тошкент-Самарқанд” пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқилган эди.