Тошкентга кимлар келди ёки Президент Мирзиёев нимани хоҳламоқда?

15-16 июль кунлари Тошкент катта анжуманга мезбонлик қилди. Тадбирда кимлар қатнашмади, дейсиз?! Хўш, давлат раҳбари бевосита ташаббускор бўлган конференцияни ўтказишдан мақсад нима эди? Тадбир Ўзбекистон учун қанчалик фойдали бўлди?

Янги Ўзбекистон – янгича сиёсат 

Юқорида қайд қилинган саволларга жавоб излашдан аввал давлат раҳбарининг лавозимга келгандан буён амалга оширган ишлари ҳақида мулоҳаза юритиш ўринли. 

Негаки, Президент сайловлари ва ундан кейин ҳукуматдаги ўзгаришлар даврида ички сиёсатда ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Албатта, уларнинг айримларини оддий ўқувчи – фуқаро назарида илғаш мушкулдир. Аммо ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг қамоқдан озод қилиниши ва диндорларнинг "қора рўйхат"лари тугатилгани кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлгани шубҳасиз. Бу ислоҳот вақтинчалик эмаслигини 15 кун муқаддам Президент имзолаган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун амалда исботлади.  

Шунингдек, Ш.Мирзиёев давлат раҳбарлигини қабул қилгач матбуотга, хусусан, сўз айтишга, фикр билдиришга катта эркинлик берилди. Яшириб нима қилдик, бунинг натижасида омма онгидаги қўрқув умид билан алмашди. Чунки, эркинлик ортидан ижтимоий тармоқ ижтимоий фикр марказига айланди, журналистлар, блогерлар ва ҳар бир онгли фуқаро ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни кўтариб чиқмоқда. Яъни, фуқароларимизда дадил ижтимоий фаоллик кузатилмоқда. 

Яна бир ўзгариш бу шубҳасиз, ташқи сиёсатда Ўзбекистон яқин ва узоқдаги ҳамкорларига шартсиз дўстлик қўлини чўзгани, қўшни давлатлар билан муносабатлардаги “муз”лар эрий бошлагани бўлди. Оддий мисол, яқин қўшни давлатлар билан ўзаро парвозлар қайта тиклангани, ёпиб қўйилган йўллар, чегара назорат ўтиш нуқталари очилгани қанчалаб тақдирларга рўшнолик олиб келди, қанча яқинларга дийдор насиб қилди?! 

Албатта, бу ўзгаришлар, хусусан, чегара демаркация ва делимитацияси жараёни жадаллашгани мамлакат, айниқса одамлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётганини таърифлаш, тавсифлаш шарт эмас, бизнингча.

Халқаро ҳамкорлик нега керак? 

Айрим мамлакатларда бошқа бир давлат билан ҳамкорлик қилишда, дейлик Москва, Пекин ёки Қўшма штатларнинг “кўнглини кўтариш“ истаги билан ишга киришади. Лекин Ўзбекистон учун ўзаро алоқаларни йўлга қўйишда аввало халқимиз манфаатлари ҳисобга олинаётгани аҳамиятлидир. 

Узоққа бормайлик, Афғонистон ёки Покистон, борингки, қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик бизга нима беради? Содда қилиб айтганда, тадбиркорларимиз учун янги бозор очилиб, улар қилган савдо-айирбошлаш ортидан иқтисодиётимиз ривожланиши жадаллашади. 

Шу ўринда рақамларга тўхталиб ўтиш ўринли. Чунки кейинги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг савдо айланмаси йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 2020 йилда глобал пандемия шароитига қарамай бу борадаги умумий кўрсаткич 5 миллиард долларни ташкил қилган. 

Аслида, Тошкент конференцияси бугун бошланган мулоқот эмас. "Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар" мавзусидаги илк Тошкент халқаро конференцияси 2019 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган. Ўшанда Ўзбекистон, Марказий Осиё қаршисида турган энг долзарб муаммолар, минтақага таҳдид солаётган асосий хавф-хатарлар, минтақа давлатлари интеграциясига нималар тўсқинлик қилаётгани муҳокама қилинганди.

Президентимиздан таклифлар 

Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлашдаги роли кун сайин ошиб бормоқда. Тошкент конференциясида ҳам давлатимиз раҳбари Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ таклифларни илгари сурди. 

Президентимиз энг аввало, Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи самарали ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасига эҳтиёж катталигини қайд этди. 

Шунингдек, қуйидаги йўналишларда ўз таклифларини илгари сурди:

• Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо, транзит ва чегаралардан ўтиш жараёнларини рақамлаштириш; 

• икки минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича дастур қабул қилиш; 

• икки минтақанинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш; 

• “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш; 

• хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш. 

Шавкат Мирзиёев икки қўшни минтақа ўртасида иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш ва ҳар йили минтақалараро форум ўтказиб боришни ҳам таклиф этди. 

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Натижалар қандай? 

Конференцияда Марказий, Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатлари, араб давлатлари, Туркия, АҚШ, Россия ва Евроиттифоқ расмийлари ҳамда қатор халқаро тузилмалар мулозимлари иштирок этди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон ва Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел шулар жумласидан. 

Давлатимиз раҳбари конференция кунлари 14 та делегация раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, конференцияга ташриф буюрганлар ҳам ўзаро икки томонлама учрашувлар ўтказишди. 

Умуман, конференция Ўзбекистонга ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, дейиш мумкин. Конференция доирасида Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон афғон диёридаги муаммо бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар учун янги дипломатик платформа тузишга келишиб олди. Биргина шунинг ўзиёқ Тошкент анжумани беиз кетмаганини англатади. Зотан, қўшнинг тинч – сен тинч. 

Ёқуб Марқаев.