Тўйларда камчиқимлик, ихчамлик, маром ва маънавият устувор бўлиши керак
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида маҳалла раислари, имом-хатиблар, нуронийлар, маънавият тарғиботчилари, оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари, ички ишлар, солиқ ва маданият соҳаси вакиллари иштирокида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда тўй ва маросимларнинг мазмун-моҳияти, уларда миллий қадриятлар ва урф-одатларни асраб-авайлаш, ортиқча ҳашамат ва исрофгарчиликнинг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кубаев ҳамда бошқа мутасаддилар тўй ва маросимларда кузатилаётган дабдабабозлик ҳолатлари ҳақида фикр билдириб, бу каби ҳолатлар жамиятдаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Давра суҳбатида иштирокчилардан тўй ва маросимларни ихчам ўтказиш билан боғлиқ фикр алмашув, таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Маҳаллаларда, айниқса ёшлар ва оилалар ўртасида маромийлик, оддийлик ва инсонпарварлик каби қадриятларни мустаҳкамлаш, тўй ва тантаналарни мазмун жиҳатдан бой, лекин исрофсиз ўтказишга даъват этиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир якунида Оила ва хотин-қизлар вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси вилоят бўлими, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакилликлари ҳамкорлигида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ушбу дастур доирасида жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантириш, тўй ва маросимларда миллий анъаналарга хос одоб-ахлоқни қарор топтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот ишлари изчил давом эттирилади.