Тойлоқда Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган “Илк ривожланиш маркази”да 816 нафар бола тарбияланмоқда

Тойлоқ педагогика коллежи негизида ташкил этилган ушбу марказ “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси асосида фаолият олиб бормоқда. Бугун марказда мактабгача таълим агентлиги тизимидаги экстремал давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлари иштирокида амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди.

- “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси тажриба сифатида синовдан ўтди, - деди Мактабгача таълим агентлигининг мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зафар Усанов. – Унинг яхши томонларини оммалаштириб, лойиҳани қандай давом эттириш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Соҳа мутахассислари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, таклифларини билдирса, шунга қараб кейинги ишларимизни режалаштирамиз.

Тойлоқ туманида 50 та маҳалла мавжуд бўлиб, улардан 41 та маҳалладан марказга болалар қамраб олинган. Бугун марказда 816 нафар тарбияланувчига 36 нафар педагог таълим бермоқда. Ушбу педагоглар мактабгача таълим вазирлигининг мутахассислари ва психологлари суҳбатидан ўтган, семинар-тренингларда малакаларини оширган.

- Марказимизда болалар икки навбатда келишади, - деди “Илк ривожланиш маркази” координатори Зарина Зоҳидова. – Бизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кам таъминланган оила фарзандлари ва инклюзив таълимга эҳтиёжи бор болалар тарбияланади. Болаларга педагогларимиз томонидан турли машғулотлар ўтказилади, уларнинг вақтини ақлий ривожлантириш машқлари орқали қизиқарли ва самарали олиб боради. Марказда лойиҳа бошидан буён 1617 нафар болага таълим-тарбия берилди.

Тадбирда соҳа вакилларига Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Илк ривожланиш маркази” иш тажрибаси таништирилди. Уларнинг эришилган натижалари таҳлил қилинди.

Шунингдек, иштирокчилар “Илк ривожланиш маркази”да яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Тадбир сўнггида таклифлар ўртага ташланди, келгусида бу каби марказларни очиш муҳокама этилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.