Транспорт тизимидаги муаммолардан куюнадиган, ютуқларидан ҳаммадан кўпроқ суюнадиган инсон
Самарқанд транспорт соҳаси фидойиси Тарас Каримов бугун 85 ёшга кирди.
Т.Каримов 1937 йил 10 апрелда Нарпай туманида туғилди. Аввал Самарқандда автомобилсозлик техникумида, кейин Тошкент автомобиль ва йўллар институтида таҳсил олди.
Тарас Каримовнинг асл касби ҳайдовчилик. Тажрибали ҳайдовчиликдан шу соҳанинг лавозимли вазифаларида ҳам ишлаб келган.
Отаси Салим ака истеъдодли журналист эди. Шунинг учунми Тарас ака ёшлигидан мухбирликка қизиқди, гарчи ҳайдовчилик касбини эгаллаган бўлса ҳам газеталарнинг жамоатчи мухбирига айланди. Унинг муаммоли ва мунозарали мақолалари "Правда востока" газетасида мунтазам чиқиб турди. Бугунги кунда Тарас Каримов Ўзбекистон Республикасининг фахрий автомобилисти. У бу ҳурмат ва эътиборга осонликча эришгани йўқ. Қарийб 60 йил транспорт тизимининг паст-у баландини, машаққатли йўлини босиб ўтди. Соҳа ривожи учун изланди, ишлади, янгиликлар яратди.
Табаррук 85 ёшга кирган Тарас Каримовни кўрган киши ҳали 70 ёшга кирмаган бўлса керак, дейди. Чунки тетик, ғайратли. Суҳбатлашсангиз, бир дунё маълумот, бир олам завқ оласиз.
Т.Каримов жамоатчи мухбир бўлган, дедик. Ҳозир ҳам шундай: газета билан ҳамнафас. «Самаркандский вестник» газетасининг фаол муаллифларидан бири. У турли мавзулардаги, айниқса, транспорт соҳасидаги камчилик ва муаммоларни доим биринчилардан бўлиб, газета саҳифаларида ёритиб келади. Жонкуярлиги, оилапарварлиги билан атрофдагиларнинг эътиборига тушган.
Отахонни улуғ ёш билан табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз.