Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят транспорт тизимида таниш-билишчилик, талон-торожликлар бошландими?

Яқинда вилоят ҳокимлиги мутахассислари томонидан ёқилғи-мойлаш материаллари учун мўлжалланган цистерна ортилган, давлат рақами белгиси 30Q844VA бўлган юк автомашинаси ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда тўхтатилиб, юк ҳужжатлари текширилди.

Текшириш давомида ушбу цистерна давлат мулки эканлиги, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда сотилганлиги аниқланди. Ҳокимлик томонидан мол-мулк жойига қайтарилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Кеча вилоят ҳокимлигида вилоят сектор раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари иштирокида ушбу масала атрофлича муҳокама этилган.

Муҳокама жараёнида ушбу цистерна вилоят транспорт бошқармаси муассислигидаги “Самарқанд йўловчи транс” давлат корхонаси балансида бўлиб, ноқонуний равишда 9 миллион сўмга сотилганлиги маълум қилинган.

Маълумот ўрнида эса “Самарқанд йўловчи транс” давлат корхонасига вилоят транспорт бошқармаси буйруғи билан 2022 йил 17 июнда З.Жамилов раҳбар вазифасига тайинланганлиги, З.Жамилов эса корхонада туну-кун қоровулликни ташкил этиш учун Бухоро вилоятида яшовчи Д.Алиевни ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда қоровуллик вазифасига қабул қилганлиги билдирилган.

Муҳокамада сўз олганлар вилоят транспорт бошқармаси буйруғи билан “Самарқанд йўловчи транс” давлат корхонасига Бухоро вилоятида ишлаган ходим раҳбар этиб тайинланиши, қолаверса, ушбу раҳбар томонидан ўзига олдиндан таниш бўлган Бухоро вилоятида яшовчи фуқаронинг қоровулликка ишга олиниши тизимда таниш-билишчилик бошланганлигидан далолат беришини билдирган.

Муҳокама якунида “Самарқанд йўловчи транс” давлат корхонаси раҳбарининг вазифасига лойиқлик масаласи кўриб чиқилиши ва ҳолатга вилоят прокуратураси томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилган.