Туристик-рекреацион зонада этно, эко, агро, экстремал ҳамда джайло туризм йўлга қўйилади
Самарқанд тумани 3-сектори ҳудудида, шунингдек, 14 та мактабда қиймати 430 миллион сўм бўлган 150 та овозли видеокамералар ўрнатилиб, таълим жараёни онлайн бошқарилади.
Бу ҳақда туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Анвар Раҳматов ҳудудда 2023 йил якунига қадар аҳоли бандлигини таъминлаш ва жиноятчиликни камайтириш бўйича жамоатчиликка берган ҳисоботида айтиб ўтган.
Ҳисоботга кўра, сектор ҳудудида ўқувчиларни замонавий касбларга ўқитиш ва хоналарни жиҳозлаш учун 400 миллион сўм ажратилади.
Шунингдек, қолган ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, йил якунига қадар яна 2,6 минг ишсизларни бандлигини таъминлаш ва қарийб 258 та (1066 нафар аҳоли) оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Мисол учун, тумандаги Оҳалик, Оқбўйра ва Миронқул тоғли маҳаллаларидаги 1 720 гектар майдонда туризмни ривожлантириш, хусусан, этно, эко, агро, экстремал ҳамда джайло туризм бўйича мавжуд имкониятларни сафарбар қилган ҳолда “Оҳалик-Оқбўйра-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида 35 миллион доллар инвестиция жалб этилиб, 3 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади ҳамда маҳаллий бюджетга қўшимча йиллик 8 миллиард сўмлик тушумлар захираси яратилади.
Анвар Раҳматов ҳисоботи давомида ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар ва галдаги режалар билан ҳам ўртоқлашди. Қайд этилишича, мавжуд 74 та маҳалладан 12 таси “қизил”, 25 таси “сариқ” ва 37 таси “яшил” тоифага киритилган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида номусга тегиш, босқинчилик ва таранспорт воситасини олиб қочиш каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг содир этилишига йўл қўйилмаган. Лекин ҳудудда енгил тан жароҳати етказиш (3/11), ўғрилик (25/44), безорилик (1/2) жиноятлари ошган.
Сектор раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга тўхталиб, жамоатчилик олдида турган вазифаларни ҳам қайд этди.