Туризм ва электр таъминоти масъуллари ҳисобот берди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, ўттиз бешинчи сессияси ўтказилди. Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Дастлаб депутатлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникaциялар масалалари бўйича ўринбосари – туризм бошқармаси бошлиғи Р.Қобиловнинг ҳисоботини эшитди.

Ҳисоботда келтирилишича, туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли тизимли ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Йил бошидан буён 2800 ўринли 85 та жойлаштириш воситалари ташкил этилиб, уларнинг сони 934 тага (ўрин сони 23,5 мингта) етказилди. Биргина Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида 1240 ўринли 24 та замонавий меҳмонхона иш бошлади. Айни пайтда вилоятда 2 та беш юлдузли, 19 та тўрт юлдузли меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Барча туман ва шаҳарларда меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишлаб турибди. 

Самарқанд тумани “Оҳалик-Оқбўйра-Миронқул” туризм рекрaцион зонасида мастер-режа асосида туризм лойиҳалари учун 138 та лотдан иборат ер майдони аукционга чиқарилиб, сотилмоқда ва лойиҳалар кетма-кет амалга оширилмоқда.

– Ўтган 6 ой давомида вилоятимизга 73 та турли даражадаги делегaциялар келди, 44 та халқаро нуфузли тадбир ташкил этилди, – деди Р.Қобилов. – Бу тадбирларда қатнашиш учун 102 мингдан зиёд хорижликлар ташрифи кузатилди. Йил якунига қадар 20 та халқаро нуфузли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Жумладан, сентябрь ойида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши  ва унда 6 минг нафардан зиёд  иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, парламентлараро иттифоқ ёш парламент аъзоларининг XII бутунжаҳон конференцияси ўтказилади. Гастрономик туризмни ривожлантириш, умумий овқатланиш шохобчалари сервис сифатини ошириш мақсадида “Самарқанд рестораторлар ассоциацияси” ташкил қилинди. Нуробод тумани Нурбулоқ шаҳарчасини санатория-курорт масканига айлантириш ишлари бошланди. Ургут туманидаги Чор чинор маҳалласида 50 миллион долларлик, Каттақўрғон сув омбори атрофида 30 миллион долларлик, Иштихон туманидаги Оқдарё сув омбори атрофида 38 миллион долларлик туризм ва экотуризм лойиҳалари бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда. Йил якунига қадар 2700 ўринга мўлжалланган 141 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 9 та меҳмонхона фойдаланишга топширилади. Пайариқ туманидаги Хўжа Исмоил, Жомбойдаги Зарафшон, Булунғурдаги Эрганакли ва Ургут туманидаги Чор чинор маҳаллалари “Туризм қишлоғи”га айлантирилади. Самарқанд шаҳридаги Ибн Холдун кўчаси “ASIAN WORLD” кўчасига, Пушкин, Алишер Навоий, Али Қушчи кўчалари туризм кўчаларига айлантирилади.

Депутатлар ҳисобот юзасидан фикрлари, таклифларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга Р.Қобиловдан жавоб олдилар.

Сессия кун тартибига мувофиқ, вилоятнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида электр таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Э.Мамасолиев ҳисобот берди.

– Бугунги кунда вилоятда 63 минг 485 та юридик, 959 минг 365 нафар аҳоли истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилмоқда, – деди Э.Мамасолиев. – Филиал тасарруфида жами 31 минг 123 километр электр узатиш тармоқлари, 15 минг 38 та трансформатор пункти мавжуд. Аммо электр тармоқларининг қарийб 50 фоизи 40 йилдан зиёд вақт давомида эксплуатaция қилинганлиги сабабли маънан ва жисмонан эскирган. Жумладан, 16 минг километрдан зиёд электр тармоқлари, 5262 та трансформатор пункти ҳамда 82 минг 543 та таянч устунларни таъмирлаш ва босқичма-босқич янгилаш талаб этилмоқда.

“Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси томонидан 2026 йил январь-июнь ойларида истеъмолчиларга 1752,4 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилди ва унинг ҳақи ундирилиши таъминланди. Ўз навбатида аҳоли ва юридик истеъмолчилар томонидан ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган 28,4 миллион кВт·соат ёки 26,177 миллиард сўмлик электр энергияси таъминотчи корхонага сотилди.

Жорий йилда тегишли давлат дастурлари доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ишончли электр таъминоти билан таъминлаш, янги объектларни ташқи электр тармоқларига улаш ҳамда мавжуд инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 228,2 километр электр узатиш тармоқлари қурилди ҳамда 89 та трансформатор пункти ўрнатилди. Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кичик саноат зоналарини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида 7,6 километр электр узатиш тармоқлари тортилди ва 8 та трансформатор пункти қўйилди.

Жорий йил 1 августдан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали давлат-хусусий шериклик асосида Туркиянинг AKSA компанияси бошқарувига ўтказилди. Ушбу лойиҳа доирасида эксплуатaция ва авария-тиклаш хизматларини замонавий техника ва махсус механизмлар билан таъминлаш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади. Қизил тоифадаги чала объектларда қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ва уларни хавфсиз эксплуатaцияга тайёрлаш учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. 1000 дона янги куч трансформатори харид қилиниб, муддати 40 йилдан ортиқ бўлган трансформаторлар босқичма-босқич замонавий ва энергия тежамкорларига алмаштирилиши режалаштирилган.

Ҳисобот юзасидан депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шундан сўнг сессияда Нарпай туманидаги “Бахт”, Пайариқ туманидаги “Гўзал”, Қўшработ туманидаги “Хоназар” кичик саноат зоналарининг бир қисмини ҳамда Қўшработ туманидаги “Навкат” кичик саноат зонаси тўлиқ тугатиш, Булунғур туманидаги Боғбон ва Бешқўтон маҳаллаларининг чегарасини ўзгартириш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, Кенгаш қарорлари қабул қилинди.