Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туризмда фан ва инновация

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Туризм. Фан. Инновация” халқаро туризм конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда соҳадаги илмий изланишлар самарасини амалиётда қўллаш, инновацион ёндашувлар асосида туризмни янада ривожланишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Унда халқаро экспертлар, соҳанинг хорижлик етук мутахассислари туризм ривожи учун бугунги кунда энг зарур бўлган жиҳатларга бағишланган маърузалари билан иштирок этди. Шунингдек, хорижлик мутахассислар ва ёш тадқиқотчиларнинг стартаплар тақдимотлари ўтказилди.

Тадбир давомида туризм соҳасига ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали самарадорликни ошириш, инновацион технологияларини жорий этиш борасидаги янгиликлар тақдим этилди. Хусусан, “С.А.Т.И.А” МЧЖ сайёҳлик компанияси томонидан тақдим этилган Самарқанд тарихидан сўзловчи иммерсив технология тадбирда кўпчиликнинг эътибор марказида бўлди.   

 - Ушбу қулоқчинда саёҳат спектакли юкланган, Бибихоним масжидидан бошланган саёҳат спектакли қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор манзиллари бўйлаб давом этади, - дейди компания раҳбари Равшан Тўрақулов. - Иммерсив технология мавжудлик эффектини яратиш маъносини билдирувчи сўз бўлиб, сайёҳга саёҳат давомида қадимий шаҳар ҳақида ҳикоя қилиб беради. Спектакль ҳозирча икки тилда – инглиз ва рус тилларида тақдим этиляпти. Келгусида яна бир нечта тилларда юкланиши режалаштирилган.

Шу каби IT тизими орқали ўзаро таъсир қилувчи энг янги смарт технологиялари, кўп тилли туристик ёрдам хизматлари, шу жумладан, ахборот хизматларини, навигация хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш туристик хизматларнинг мавжудлиги, сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида шаҳарларда электрон сайёҳлик меҳмон картасини ва шунга ўхшаш мобил иловани ишлаб чиқиш ва жорий этиш иловаларини қўллаш соҳа ривожига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Бу каби геолокацион билакузуклар, мобил қўлланмалар, чипталарни тўлаш дастурлари, виртуал реаллик технологиялари каби техник воситаларнинг қўлланилиши сайёҳларнинг ташриф буюрган жойларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг хоҳиш-истакларини аниқ таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса туризм бизнесининг ривожланишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбирда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Искандар Тўхлиев, Польша Республикаси Лублин технология университети вакили Жержи Монтусиевич, Ломоносов номидаги Москва давлат университети руниверситет профессори Наргис Нурилла ва бошқаларнинг бугунги кунда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳада инновацион технологияларни жорий этишга бағишланган маърузалари тингланди.