Туркия Ироқ шимолида ҳарбий операция бошлади

Туркия Мудофаа вазирлиги Ироқ шимолида Курдистон Ишчилар партияси (КИП) жангариларига қарши янги ҳарбий операция бошлади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, амалиётда махсус куч ва ҳаво кучлари иштирок этмоқда. Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг сўзларига кўра, самолётлар КИП бошпаналари, бункер, туннел, ғор ва омборларига муваффақиятли ҳужум амалга оширган.

“Биринчи босқичда белгиланган мақсадларга эришилди. 40 йилдан буён юртимизни қийнаб келаётган террор балосидан халқимизни сақлаб қолишга қатъиятимиз етарли”, - деди вазир ва охирги террорчи зарарсизлантирилмагунча кураш давом этишини қўшимча қилди.

1984 йилдан бери КИП жангчилари Туркиядаги курдларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва унинг таркибида мухторият яратиш учун қуролли кураш олиб бормоқда. Туркия ҳукумати ва курдлар ўртасидаги сулҳ 2015 йил июлида бекор қилинган эди.