Туркиядан нималарни ўрганиш мумкин?

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби аъзолари жорий йилнинг 25 сентябрь – 2 октябрь кунлари Туркия Республикасининг давлат бошқаруви соҳасидаги илғор тажрибаси билан танишиш мақсадида Анқара шаҳри ва Невшеҳир вилоятида бўлдик.

Ёш давлат хизматчиларининг билим ва касбий компетенцияларини ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётда жорий қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган сафар давомида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси раҳбари Салим Атай, бир қатор вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари билан учрашдик.

Ташриф дастури доирасида турли йўналишларда Туркия тажрибаси ўрганилди. Жумладан, Инсон ресурслари офиси томонидан амалга оширилаётган “Қобилиятлар харитаси” платформаси лойиҳаси “Тўғри хизмат қиладиган тўғри давлат хизматчилари” тамойили асосида Туркия Республикасининг 81 та вилояти ва 922 та туманларида жорий қилинган. Унда 8 миллион талаба ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб бориш, улар билан доимий алоқада бўлиш мумкин.

Бугунги кунда Туркиядаги 204 та давлат олий таълим муассасасида “Карьера марказ”лари ташкил этилган. Карьера марказларида 900 нафар ходим талабалардаги қобилиятни аниқлаб, ўқиш мобайнидаги кўрсаткичларини мониторинг қилиб боради ва истеъдодли ёшларнинг давлат хизмати ва хусусий секторда иш билан таъминланишига ёрдам беради. Республика бўйлаб вакант лавозимлар “Қобилиятлар эшиги” платформасига киритиб борилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари талабаларига ўқиш давомида стажировка қилиш имконияти яратилган. Стажировкада энг кам ойлик иш ҳақи миқдори берилади ҳамда амалиётни муваффақиятли тамомлаганлар ишга қабул қилинади.

Невшеҳирда бўлганимизда мазкур вилоятнинг туристик имкониятлари жуда юқорилигига гувоҳ бўлди. Вилоят аҳолиси 327 минг нафарни ташкил қилса-да ҳудудга келадиган бир йиллик туристлар оқими 4 миллион нафардан ортиқ эканлиги эътиборимизни тортди. Уларга 664 та меҳмонхона хизмат кўрсатади.

Айтишларича, Туркияда уч йил олдин бир туристнинг кунлик харажати ўртача 47 АҚШ долларини ташкил қилган. Туристлар учун хизматларнинг яхшиланиши ва бошқа оммиллар сабаб бугун бу рақам 85 АҚШ долларини ташкил қилар экан.

Гувоҳи бўлганларимиз асосида Туркия Республикасида давлат хизмати тизимининг ижобий натижаларини юртимизда жорий қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, республика даражасида ҳамда ҳудудлар доирасида амалга ошириш юзасидан йўл харитаси шакллантирдик.

Шероз Абдувалиев,

Самарқанд “Келажак лидерлари”  клуби раҳбари.