Туркманистон АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Туркманистон делегацияларининг АҚШ ва Германияга ташрифидан сўнг Ашхободда икки давлат билан ҳамкорликни, жумладан, хавфсизлик, иқтисодиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги билдирилди.

Туркманистон ҳукумати жорий ва келгуси йиллар учун АҚШ билан ҳамкорлик, жумладан, икки давлат вакиллари ташрифи режасини ишлаб чиқади, дейилади Туркманистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Вашингтонга ташрифи ҳисоботида.

Мередовнинг айтишича, Вашингтондаги музокараларда хавфсизлик масалалари билан бир қаторда иқтисодиёт, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинган. “Туркманистон ва АҚШ ўртасидаги шерикликни кенгайтириш мақсадида 2023-2024-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасини яратиш, шунингдек, Туркманистон ва АҚШ ўртасида турли даражадаги ташрифларни ташкил этиш режаси бўйича таклифлар кўриб чиқиш учун Президент Сердар Бердимуҳамедовга тақдим этилди”, деб ёзади "Нейтрал Туркманистон" газетаси.

Шу билан бирга Туркманистон бошқа минтақалар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилган. Жумладан, Ўзбекистондан Россия жанубига юк ташишни таъминлашга эътибор қаратмоқда.

Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон юк ташиш транспортининг Россия жанубига чиқишини таъминлашини маълум қилди, дея хабар беради чоршанба куни “Нейтрал Туркманистон” газетаси.

“Мамлакатимизнинг шарқий минтақаси ва марказини боғловчи юқори тезликда ҳаракатланувчи автомобиль йўлининг Ашхобод-Туркманбоши (собиқ Красноводск) автомобиль йўлига туташиши қўшни Ўзбекистон Республикасидан юк машиналарининг Каспий денгизидаги Халқаро денгиз портига, у ердан эса Кавказ, Европа, жанубга Россия ва Эрон шимолига, денгиз йўллари орқали Форс кўрфази ва Уммон бўғозига етиб боради”, — деди Бердимуҳамедов бугун Ашхободда бошланган халқаро транспорт форуми иштирокчиларига мурожаатида.