Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тутнинг душмани нима?

Тут дарахти нафақат пиллачилик, балки экология, атроф-муҳитнинг тозалаги учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Аммо тут дарахтининг ҳам "душман"лари бор. Улардан энг кенг тарқалгани - тут парвонасидир. Бу зарарли ҳашарот бошқа зараркунандаларга нисбатан кўпроқ зарар етказади. Тут парвонаси ипакчилик ривожланган кўпгина Осиё давлатлари минтақаларида кенг тарқалган.

Булардан Хитой, Ҳиндистоннинг бир неча штатлари ҳамда Покистон, Японияни мисол қилиб келтириш мумкин. Республикамизда ҳам тут дарахтининг энг хавфли зараркунандаларидан ҳисобланади.

Бу тез ривожланадиган ҳашарот бўлганлиги сабабли республикамизнинг бир қатор ҳудудларида тезда тарқалиб кетди. Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона водийси вилоятлари, кейинчалик эса Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг кўпгина туманларида учрайдиган бўлди.

Тут парвонасининг ривожланиши асосан ипак қурти боқиб бўлингандан кейин содир бўлгани учун бу жараёнга зарари тегмайди. Аммо кейинчалик ўсиб чиққан баргларни шикастлаши ҳисобига новда узунлиги, йўғонлиги ва қиш совуғига чидамлилиги камаяди. Барча тут парвонаси тарқалган ҳудудларда бу ҳашаротнинг тутга етказиши мумкин бўлган зарари аҳолига кенгроқ аён бўлмоқда. Шунинг учун ички карантин чоралари орқали бу ҳашаротнинг минтақамиз бўйлаб тарқалишининг олдини олиш талаб этилмоқда. Ҳозирги вақтда ўсимликларни ҳимоя қилишнинг уйғунлаштирилган тизими амалиётга кенг татбиқ қилинмоқда.

Бу тизимнинг мақсади энтомофагларни сақлаб қолган ҳолда агротехник, биологик, кимёвий ва бошқа усулларни биргаликда қўллаш йўли билан зараркунандаларнинг сонини камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Хўш, бу борада Самарқанд вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Вилоятимизда бу зараркунандага қарши агротехник, биологик, кимёвий ва механик кураш усуллари қўлланиб келинмоқда. Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг қошида ташкил этилган “Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати” томонидан кураш усулларини тўғри ва ўз вақтида самарали ўтказиш учун ҳашаротнинг ривожланиши назорат қилиниб келинмоқда. Бугунда вилоятимиз ҳудудларида 10 103,2 минг дона якка қаторли тут дарахтлари мавжуд. Ушбу якка қаторли тут дарахтлари вилоят ҳудудида етиштириладиган ипак қурти учун алмашиб бўлмайдиган озуқа бўлиб ҳисобланади.

Ушбу тут дарахтлари вилоят ҳудуди учун карантин объект ҳисобланган зараркунанда тут парвонаси томонидан кучли зарарланишини инобатга олган ҳолда зараркунандага қарши ҳозирги кунда кимёвий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Агроэнтомологик кузатувларга асосан вилоят ҳудудларида 1 067,0 минг дона якка қаторли тут дарахтларида тут парвонаси тарқалиши башорат қилинган.

Ушбу таҳлилга асосан якка қаторли тут дарахтларида вилоятимизнинг барча туманларида кузатувлар ўтказилмоқда. Шу жумладан, вилоятимиз ҳудудида 10 103,2 минг тут дарахтларидан 9 598 минг дона якка қаторли тут дарахтларида кузатув ўтказилиб, тут парвонаси билан зарарланган тут дарахтлари уларнинг 1 018,8 тупида аниқланган, яъни зарарланиш вилоят бўйича 10,1 фоизни ташкил этмоқда.