Тузнинг ҳам ози ширин
Кўпчилик пазанда бекалар турли салат ва газаклар хуштаъм бўлиши учун корейс тузидан фойдаланишади. Корейс тузи таомга ўзгача маза киритиши рост. Аммо бизга бироз нотаниш бу маҳсулот, унинг таркиби ва хусусиятлари ҳақида нималарни биламиз? Айни саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Биз корейс тузи, деб атайдиган рангсиз майда кристаллсимон кукун, аслида, хитой ошхонасига тааллуқли. Хитойликлар уни оддий туз билан бир қаторда деярли барча тоамларга қўшишади. Хитой таомлари айнан шу туз туфайли ўткир таъм ва ҳидга эга.
Таркиби туз эмас?!
Умуман олганда, бу кукунни туз дейиш қийин. Таркибига кўра, у глутомат натрий номли аминокислоталар тўпламидан иборат. Ушбу модда таъм ва ҳидни ўткирлаштириш хусусиятига эга. Унинг табиийси барча мева- сабзавотлар, тоза ва сифатли гўшт, балиқ маҳсулотларида учрайди, аммо тез парчаланиб кетади. Худди шу модда туфайли янги узилган мева-сабзавотларнинг мазаси ва ифори ўзгача бўлади.
Ҳозирги кунда глутомат натрийни сунъий йўл билан етиштириш йўлга қўйилган. Бунда шакарқамиш ёки қанд лавлагидан фойдаланилади. Ва кукун ҳолидаги глутомат натрийни биз корейс тузи сифатида биламиз.
Вазифаси нима?
Сунъий йўл билан олинган глутомат натрий таъмни ўткирлаштириш ва маҳсулот таркибини сақлай олиш хусусиятлари билан озиқ-овқат саноатида аллақачон ўз ўрнини топган. Ундан маҳсулотларнинг салбий хусусиятини беркитиб, таъми ва ҳидини ўткирлаштириш, узоқ вақт сақлашда фойдаланилади. Глутомат натрий озуқавий қўшимча ва консервант ҳисобланади. Шу сабаб дудланган гўшт, колбаса, сосиска ва консерва маҳсулотлари ўзининг ёқимли таъми ва ҳидини йўқотмайди. Глутомат натрий Е621 кўринишида рақамланган бўлиб, маҳсулот таркиби кўрсатилган ёрлиқда озуқавий қўшимча сифатида рўйхатга киритилади.
Организмга таъсири қандай?
Корейс тузи тилнинг таъм билиш рецепторларига бевосита таъсир кўрсатиб, таъм фарқлай олиш хусусиятини оширади. Аммо мунтазам қабул қилинганда ўрганиб қолиш ҳолатини келтириб чиқариши ҳам бор гап. Яъни, ҳар сафар организм шу моддани янада кўпроқ талаб қила бошлайди. Фаст-фуд ва яримтайёр маҳсулотлар кишини ўзига тортиши бежиз эмас. Узоқ вақт давомида корейс тузини истеъмол қилганлар учун оддий таомлар ёқимсиз ва бемаза туйила бошлаши ҳам шундан.
Бундан ташқари, корейс тузи давомли равишда истеъмол қилинганда асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши, ҳазм органларининг шиллиқ қаватини яллиғлантириши, ошқозон ярасига сабаб бўлиши, гормонал ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Натижада ортиқча вазн муаммоси, кўриш қобилиятининг пасайиши, қандли диабет юзага келиши эҳтимоли бор.
Меъёрни билинг!
Ҳар нарса ўз меъёрида фойдали. Хитойликлар глутомат натрийни кундалик ҳаётда кўп ишлатишса-да, биз ундан оддий туз каби фойдалана олмаймиз. Чунки хитойликлар организмида ушбу моддага нисбатан кўникма ҳосил бўлган, биз учун эса у ёт унсур. Тайёр салат ёки таомга 5-6 та глутомат натрий кристаллчалари кифоя. Ундан ортиғи зарарга ишлашини унутманг. Аслида, уйда тайёрланадиган таомлар учун оддий туздан фойдаланиш энг мақбул ечим. Бинобарин, глутомат натрий озуқавий қўшимча сифатида жуда кўп маҳсулотлар таркибида мавжуд.
Арзонидан эҳтиёт бўлинг
Афсуски, баъзи ишлаб чиқарувчилар арзон ва сифатсиз маҳсулотларни харидоргир қилиш мақсадида глутомат натрийдан меъёрдан ортиқ фойдаланишади. Уларни истеъмол қилиш юқорида санаб ўтилган салбий оқибатлар, бундан ташқари, ортиқча вазн ва аллергик касалликларга олиб келиши, сурункали хасталикларни авж олдириши мумкин. Глутомат натрий кўп ишлатиладиган маҳсулотлар рўйхати билан танишинг:
- колбаса ва сосиска;
- яримтайёр гўшт маҳсулотлари;
- картошка чипси;
- қадоқдаги қотирилган нон бўлаклари;
- тайёр соуслар;
- кетчуп ва майонез.
Кимларга тақиқланган?
Ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, сурункали хасталиги бор кишилар корейс тузи ва юқорида саналган маҳсулотларни жуда ҳам кам истеъмол қилишлари керак.
Ильмира Файзуллаева.