“У бу ерда яшамайди”: Мана шундай хат билан бошланган можаро бир аёлнинг ўз уйидан ҳайдалиши билан тугаган Энди у уйини қайтариш учун хорижда ишламоқда
Энди у уйини қайтариш учун хорижда ишламоқда
Таҳририятимизга Самарқанд шаҳри Кафтархона маҳалласида истиқомат қилган фуқаро Г.Шариповадан шикоят хати келди. Унда ёзилишича, фуқаро ва унинг 12 нафар оила аъзоси маҳалла фаолларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари сабабли уйсиз қолган. Уч йилдан буён давом этаётган мазкур уй-жой низосига эса маҳалла раисининг “справка”си сабаб бўлган. Мурожаатчи билан боғланиб, вазиятни ойдинлаштиришга ҳаракат қилдик.
Г.Шарипованинг маълум қилишича, у 1979 йилда Кафтархона маҳалласининг Уйчи кўчасидаги 15-уйга келин бўлиб тушган. Бир неча йил олдин эри Т.Б. билан қонуний ажрашган бўлса-да, мана шу можаролар бошлангунига қадар шу уйда яшаб келган. Бироқ ажримдан сўнг собиқ турмуш ўртоғи уни уйга бўлган ҳуқуқдан тўлиқ маҳрум қилиш ҳаракатига тушган. Айни мақсадда у маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиб, Г.Шариповани “прописка”дан чиқаришни сўраган.
Масаланинг “қизиқ” жиҳати ана шунда бошланади. Яъни, маҳалла томонидан талаб қилинган жойларга 2020-2021 йилларда олтита олти хил мазмундаги маълумотнома берилган. Жумладан, 2020 йилнинг 22 январидаги далолатномада маҳалла фаоллари мазкур уйда 6-21 январь кунлари олиб борган назорат “тадбири”га асосланиб, Г.Шариповани бу уйда яшамайди, деб қайд этишган. Асос сифатида ўша куни улар борганида фуқаронинг уйда бўлмаганлиги келтирилган. На фуқаро Г.Шарипованинг ўзи билан боғланилган ва на қўни-қўшнилар билан гаплашиб, ҳолатга аниқлик киритилган. Маҳалла фаолларининг бу тартибда далолатнома тузишига нима сабаб бўлгани эса ҳалигача очиқ масала.
Афсуски, масаланинг бу жиҳати ўша вақтда ҳеч кимни қизиқтирмаган. Оқибатда “хом” ҳужжат билан судга мурожаат қилган Т.Б. собиқ турмуш ўртоғининг уй-жойдан фойдалиш ҳуқуқини бекор қилишга эришган ва фурсатни бой бермай, шу йилнинг ўзида уйнинг бир қисмини сотиб юбориб, қолган қисмининг ярмини (мурожаатчининг сўзларига қараганда) иккинчи оиласининг вакили бўлган ўғлига мерос қилиб қолдирган.
Ҳужжатларни ўрганар экансиз, ҳақиқатдан ҳам маҳалла фаоллари томонидан тузилган кейинги далолатномалар биринчисини инкор этишини кўрасиз. Хусусан, 2021 йилнинг 12 августида тузилган далолатномада Г.Шарипова “гоҳо ўзига тегишли бошқа уйда, гоҳо ушбу хонадонда яшаб келмоқда”, кейингиларида “...ҳеч қандай рўйхатда турмасдан яшаб келмоқда”, дея қайд этилган. Шу вақтгача “яшамаган” инсон (маҳалланинг биринчи далолатномасида шундай кўрсатилган) энди, кейинги хатларда “яшай бошлаган”.
Биз мурожаатчидан номида яна уй-жой бор-йўқлигини суруштирдик. У уйи йўқлигини, вақти-вақти билан қизининг уйида меҳмон бўлиб келишини маълум қилди. Хуллас, бу оғзаки кўрсатмаларга асосланган маълумот бўлиб чиқяпти. “Бошқа уйи бор”, деган гап (яна қарши томоннинг гапи) судда ҳам инобатга олинган. Хўп, эр-хотин ажрашган экан, уларнинг умумий фарзандлари бор-ку. Бундай низоли вазиятда уларнинг ҳуқуқи ҳам афтидан инобатда олинмаган.
Г.Шарипова учун кулфатлар шу билан тугамайди. 2021 йилда унинг собиқ турмуш ўртоғи оламдан ўтади. Кўп ўтмай, уйнинг бир қисмини сотиб олган фуқаро ҳам судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Г.Шариповани уйдан мажбурий тартибда чиқаришга эришади. Табиийки янги харидорнинг 42 йил шу ерда яшаб келган аёлнинг тақдири билан иши йўқ?
Эътиборимизни тортгани, мурожаатчининг яқин қўшнилари ҳатто, у эри билан ажрашганлигини ҳам билишмас экан. Улар муаммони ҳал этиши лозим бўлган ташкилотларга берган тушунтириш хатида Г.Шарипова 1979 йилдан буён шу уйда яшаб, қайнонасига қараб келганини, уйдаги барча қурилиш, таъмирлаш ишларида бош-қош бўлганини, тўй-маракаларда бирга бўлганликларини таъкидлаб, кўрсатма берган. Аммо афсуски, уларнинг кўрсатмалари иш кўрилишида аҳамият касб этмаган.
Яна бир жиҳат, Кафтархона маҳалласи фаоллари томонидан Г.Шарипованинг бу уйда турмаслиги, ёхуд бошқа маълумотномаларда “бу уйда рўйхатда турмаслиги” айтилган дедик. Аммо унинг рўйхатдан чиқарилишига ҳам, уйсиз қолишига ҳам уларнинг ўзи сабабчи эмасми? Маҳалланинг раиси Т.И. эса ўз ишини “менинг хатим Шариповани рўйхатдан чиқариш учун асос бўлишини билмаганман”, дея изоҳлаган, холос.
Бир неча йилларга чўзилган можаронинг қисқача тафсилоти мана шу. Аммо биз айтмоқчи бўлган яна битта асосий масала бор: Уй сотилган, хўш, энди нима қилиш керак? Масъул ташкилотлар қандай йўл билан адолатни қарор топтиради? Билишимизча айни вақтда ўз уйидан ҳайдалган фуқаро Г.Шарипова ўша 42 йил умри ўтган ҳовлини қайта сотиб олиш учун хорижда ишлаб юрган эмиш.
Мазкур мақола фуқаронинг аризаси ва шу кунгача тўпланган ҳужжатлар асосида тайёрланди. Тегишли ташкилотлар ҳолатга ўз муносабатини билдириб, изоҳ беришса, вазиятга яна ҳам аниқлик киритилади. Ҳар ҳолда фуқаро соҳага алоқаси бўлган вилоят ва республика даражасидаги деярли барча ташкилотларга мурожаат қилган. Ҳозирча мурожаатлар “тегишлилиги бўйича у ёки бу ташкилотларга юборилди” бўлиб турибди.
Саволимиз шу: агар орамиздан кимнингдир уйини маҳалладан бериладиган “бу ерда яшамайди, бошқа уйи бор”, деб ёзилган маълумотнома билан сотиб юборишса, уйни қайтариб бўладими ёки уйсиз қолиб кетаверамизми? Бундай мурожаатларни ким ўрганади? Ким уйни қайтаради? Бир фуқаро тақдирини кўриб, ана шу саволлар бизни қийнамоқда.
Хуллас, саволларга жавоб кутамиз.
Асқар БАРОТОВ,
“Zarnews.uz” мухбири.