Украина ғарбида йўловчи автобуси номаълум шахс томонидан гаровга олинди
Украина ғарбида жойлашган Луцкда қуролланган номаълум шахс ичида камида 20 киши бўлган автобусни гаровга олди. Бу ҳақда Волинск вилояти полицияси ахборот хизмати маълум қилди.
Жиноятчи қуроллангани ва ёнида портловчи модда борлиги ҳақида полицияга қўнғироқ қилган. Ўзини “Максим Плохой” (“Ёмон Максим”) деб таништириб, автобусни гаровга олганини ва унга мина ўрнатганини маълум қилган.
“Вилоятда “Заложник” (“Гаровдаги”) номли тезкор режа тузилган. Шаҳар маркази ҳудуди фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпилган. Воқеа жойига барча полиция хизмати ходимлари йиғилган”, деб маълум қилди полиция вакили.
“Айни вақтда тезкор тадбир ўтказилмоқда, воқеа жойига “спецназ” етиб келди. Шунингдек, автобусни гаровга олган эркак шахси аниқланди”, деди полициянинг вилоят бўлинмаси раҳбари Юрий Крошко.
Украина Президенти Владимир Зеленский гаровга олиш чоғида ўқ овозлари эшитилганини маълум қилди. Жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ.