Украина президенти Зеленскийнинг Брюсселга ташрифи "ғарбга юзланиш" деб баҳоланмоқда

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг илк хорижий ташрифини Европа Иттифоқи маҳкамалари жойлашган Бельгиянинг Брюссель шаҳрига амалга оширди.

Унинг бу ташрифдан мақсади Европа Иттифоқи ва Украина ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш бўлаяпти.

Украина президентининг илк хорижий ташрифни Европа Иттифоқи бош идорасига бошлаганини кўпчилик халқаро сиёсий таҳлилчилар "Бу Украинанинг Ғарбга юзланишидир" деб талқин қилишаяпти.

"Илк ташрифнинг Европа Иттифоқига бўлиши бир тарафдан рамзий маъно касб этади. Шунингдек ушбу ташриф Зеленскийнинг Украина ташқи сиёсатида Европа Иттифоқи билан яқин муносабатда бўлишини, келажакда Европа оиласига қўшилишга ҳаракат қилишини англатади", деган Украина сиёсий таҳлиллар институти директори Руслан Бортник.

Бортникнинг сўзларига кўра, президент Зеленский Брюсселда аввало, Европа Иттифоқи томонидан Украинага иқтисодий ва ҳарбий ёрдам бериш масаласини кўтаради. Чунки, бугун Украина учун Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш ва Иттифоққа аъзо мамлакатлардан Украина иқтисодиёти учун йирик сармоялар жалб этиш энг муҳим масала ҳисобланади.

Шунингдек, ташриф давомида Брюсселда Украинага Қримни қайтариш масалалари ҳам муҳокама этилади.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Қримни ҳанузгача Украинанинг ажралмас бир бўлаги деб билади ва уни Россия ҳудуди деб тан олмаган.

Брюсселда Зеленский Польша раҳбари Анжей Дуда, шунингдек НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, яна Европа Иттифоқи президенти Дональд Туск ва Европа Иттифоқи комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер билан учрашади.