Украинада бугун Президентлик сайловининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда
Бугун Украинада Президентлик сайловларининг биринчи босқичи бўлиб ўтаяпти. Эрталаб мамлакат бўйлаб 30 минг атрофида сайлов участкалари очилган. Улар маҳаллий вақт билан эрталаб 8.00 дан кечки 20.00 гача очиқ бўлади.
Украинада ушбу сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 35.6 миллион фуқаро рўйхати бор.
Шунингдек хорижда бўлиб турган украиналиклар учун дунёнинг 72 мамлакатида 101 сайлов участкаси очилган. Аммо уларнинг орасида Россия йўқ. Бугунги кунда бу мамлакатда кўплаб украиналиклар бўлиб тургани билан ўзаро ёмон алоқалар туфайли Россияда юрган украиналиклар учун бу мамлакатда сайлов участкалари ташкил этилмаган.
Сайлов варақасида умумий ҳисобда Президентликка номзодини қўйган 39 та номзоднинг исм-шарифи кўрсатилган. Сайловчилар улар орасидан ўзи хоҳлаганига овоз бераверади.
Кўпчиликнинг фикрига кўра сайловнинг биринчи босқичида етакчи ўринларни қўйидаги беш номзод эгаллаши мумкин.
1. Пётр Порошенко, 53 ёш, Украина президенти
2. Анатолий Гриценко, 61 ёш, «Фуқаролик позицияси» партияси раҳбари. Собиқ Мудофаа вазири, захирадаги полковник ва партия раҳбари.
3. Юрий Бойко, 60 ёш, Олий рада депутати
Ҳудудлар партияси етакчиларидан бири, «Мухолиф партия» фракцияси етакчиси.
4. Юлия Тимошенко, 58 ёш, Олий рада депутати.
Юлия Тимошенко икки марта президентлик сайловларида иштирок этиб, икки сафар ҳам иккинчи ўринни эгаллаган. У бу сайловларда катта тажриба тўплаган.
5. Владимир Зеленский, 41 ёшда, комик.
Владимир Зеленский актёр сифатида аллақачон Украина президенти ролини ижро этган. Энди эса сайловчилар қўллаб-қувватлашса у Украинанинг ҳақиқий президенти бўлишни мақсад қилган.