Улуғ Умра зиёрати: Унутилмас кунлар
Эрталаб одатдагидек, барвақт уйғондим. Телеграм ишлайдиган биринчи қаватга тушишим биланоқ СМС-табриклар ёғила бошлади. Бу кун мен учун қўшалоқ байрам бўлди. Ўқитувчилар байрами кунида инсониятнинг бош муаллими, Расул ул Акрам Муҳаммад салаллоҳи алайҳи вассалламнинг қутлуғ қабрларини зиёрат қилдик.
Мендан пайғамбаримизга салом айтиб қўйишимни сўраган барча кишиларнинг номларини айтиб саломларини етказдим. Салом айтган ва айтмаган ҳамма умматлар саломат бўлишларини тилаб дуои хайрлар қилдик. Сўнгра Масжид ун Набавийда ибодат ила машғул бўлдик. Энг муҳими, пайғамбаримизнинг равзаи муборакларида аср намозини ўқиш бахтига мушарраф бўлдик.
Мадина мен кўрган, билган шаҳарларнинг энг гўзали, энг чиройлиси экан. Ҳавоси салқин ва ёқимли, ҳаёти осойишта. Кўчалар, машиналар ҳам ҳаммаси топ-тоза, ялтирайди. Шаҳарни гўёки жаннатмонанд дунёнинг кичрайтирилган бир шакли дейсиз. Ҳар бир бино, ҳар бир иншоот эринмасдан юксак дид ва ҳафсала билан қурилгани кўриниб турибди. Айниқса, йўллар қурилишига катта меҳнат сарфланган.
Бу ерда жаҳоннинг барча мамлакатларидан келган, барча тиллардаги, барча шакл-шамойилдаги инсонларни учратасиз. Ҳатто, бугунги нотинч замонимиздаги бир-бири билан терс халқларнинг вакиллари ҳам бу ерда оға-ини, опа-сингиллардек апоқ-чапоқ. Гарчанд тилларини тушунмасалар-да, имо-ишоралар билан бир-бирларига меҳр-муҳаббатларини изҳор эта биладилар. Ушбу таассуротларнинг битилишида наманганлик ҳамхонамиз Абдухалил аканинг ҳам катта ҳиссаси бўлди. Агар у кишининг бедорлик бахш этувчи уйқуси бўлмаганида, эҳтимол, бу сатрлар қоғозга, аниқроғи, телефон экранига тушмаган бўлармиди... У киши Самарқанд кооператив (ҳозирги иқтисодиёт ва сервис) институтида ўқигани ҳамда тенгдош бўлганимиз боис бир-биримиз билан чинакам ошналашиб қолдик. Абдухалил акани шўро замонида Ўрта Осиёдаги ягона олий савдо илм даргоҳида ўқиганлиги у кишининг анчайин жиддий одам эканлигидан далолат берарди. Чунки ўша замонларда бу институтга киришни ҳар ким ҳам уддалай олмасди.
Уҳуд тоғи, хурмозор боғ
Иккинчи октябрни эрталаб Уҳуд тоғидаги Шаҳидлар мозорини зиёрат қилиш билан бошладик. Саёҳатимизга йўлбошчилик қилаётган укамиз Абдулборий бизга кўп ибратли воқеларни сўзлаб берди.
Пайғамбаримиз даврларида бу ерда мусулмонлар билан ғайридинлар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб, кўп ислом жангчилари шаҳид бўлишган экан. Ажабланарлиси шундаки, мозорлар устида ҳеч қанақа қимматбаҳо ёдгорлик ёки қабртошлар ўрнатилмаган. Ана шунда мен юртдошларимиз томонидан марҳум ва марҳумалар қабри узра тикланган дабдабали мармар ёдгорликларни кўз олдимга келтириб, турли хаёлларга бордим. Ислом йўлида жонларини тиккан шаҳидлар хотирасига дуои фотиҳалар қилиб, кейин пайғамбаримиз яхши кўрган машҳур хурмозор боғга қараб равона бўлдик.
Йўлда Масжид ул Қиблатайн (икки қиблали масжид)га ҳам кириб ўтишимиз кўзда тутилган эди. Аммо у ерда қайта қуриш ишлари давом этаётганлиги сабабли боришнинг иложи бўлмади. Ушбу масжидда намозхонлар бир муддат муқаддас шаҳар Қуддусга юзланиб ибодат қилишган. Аммо пайғамбаримизга ваҳий келгач, у киши сажда томонини Маккаи мукаррама томонига буришга кўрсатма берганлар. Бунда бир қанча иймони суст диндорлар исломдан юз ўгириб, муртад бўлишгани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Ушбу воқеа муқаддас динимиз тарихида ўзига хос бир синов бўлгани боис масжид номида абадий муҳрланиб қолган.
Автобусимиз йўлда давом этиб, Қуръон китоби чоп этиладиган босмахонага жўнади. Бу шунчаки босмахона бўлмай, китоб ишлаб чиқарувчи йирик бир завод деса ҳам бўлаверар экан. Корхонага саёҳат охирида ҳаммамизга биттадан муқаддас китоб ҳадя қилишди. Шундан сўнг ислом тарихидаги илк барпо этилган ибодатгоҳ - "Масжид ул Қубо"га бориб, икки ракат намоз ўқидик. Масжиднинг бундоқ аталишига сабаб: Қубо тепалигида жойлашгани экан. Шу ерда пайғамбаримизнинг туялари чўкиб, биринчи масжидга пойдевор қўйилган. Ҳозир оппоқ тусдаги бу қутлуғ гўша Мадинага кўрк бўлиб турибди.
Тушликдан сўнг Масжид ун Набавийда ибодатимизни давом эттирдик. Шу кун қаттиқ чарчаган эканмиз, чуқур уйқуга кетибман. Ҳикоямиз қаҳрамони, хонадошим Абдухалил аканинг шарофати туфайли ушбу сатрлар яна телефон хотирасига киритиб қўйилди. Яхшиямки, жонсиз темирнинг хотираси биз унутувчан инсонларнинг эсимиздан кўра минг марта, миллион марта аъло. Умуман, одам ақли самараси бўлмиш жонсиз буюмларнинг баъзи бир томонлама инсонлардан чандон ўзиб кетаётганлиги кўнгилга чуқур хавотир пайдо қилади. Мабодо эрта улар бошқа соҳаларда ҳам одамлардан ўзиб кета бошлашса нима бўларкин?! Шу ўй-хаёллар билан яна қандай уйқуга кетганимни билмай қолибман.
Эрталаб туриб, нонушта қилганимиздан сўнг одатдаги ибодатлар билан машғул бўлдик. Мен то чидамим етганига қадар, яхши кўриб қолган жойим -Масжид ун Набавийда қазо намозларимни адо этдим. Бундай қулай имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳаракатида бўлдим.
Шу куни пешин намозидан кейин ғусл қилиб эҳромга кирдик. Соат иккида автобусларга чиқиб, Маккаи Мукаррама сари йўл олдик.
Орзу сари йўл
Айтишим мумкинки, бу йўл қанчалик машаққатли бўлмасин, интилган кишига ғоят равон экан. Мен ҳали бирор жойда бунақа текис ва чиройли қилиб қурилган асфальт йўлни кўрмаганман. Йўл четларида огоҳлантирувчи, тақиқловчи ҳаракат белгилари минимал даражада кам. Аксинча, жой номлари ва биз болаликдан қулоғимизга ўрнашиб қолган "Аллоҳ Акбар", "Субҳоналлоҳ", "Алҳамдулиллоҳ" сингари илоҳий сўзлар чиройли панноларда битиб қўйилган.
Саудия Арабистонини тоғлар диёри деб аташ ҳам мумкин. Бу ерда шаҳарлар, қишлоқлар тоғлар устида қурилган, десам асло муболаға бўлмайди. Тоғлар унчалик баланд бўлмай, ҳар жой-ҳар жойда чўққилар кўринишида намоён бўлади. Уларнинг ранги қора тусда бўлиб, ёнбағирлари гиёҳ битмайдиган тошлардан иборат. Орадаги кичик-кичик нотекис водийлар ҳам қоп-қора майда тош-шағаллар билан қопланган. Мен бу жойларни автоматик қурилмалар Марс сайёрасидан суратга олиб жўнатаётган манзараларга жуда-жуда ўхшатдим. Хуллас, бу жойлар бизнинг кўзимиз ўрганиб қолган Ер қиёфасига сира-сира ўхшамайди. Шу боис ҳам менга автобусимиз гўё ўзга сайёрада ҳаракатланаётгандек туюлади. Бу билан мен айнан шундай суратни яратиш фикридан йироқман. Албатта, ҳар бир киши бу жойларни ўзича ўзгача кашф этиши шубҳасиз.
Кечқурун соат 10 ларда муқаддас Макка шаҳрига кириб бордик. Ўн икки қаватли "Nokxba al Khayr" меҳмонхонасининг учинчи қаватидаги 314-хонага жойлашдик. 313-хонада учаламизнинг рафиқаларимизни ўринлаштиришди. Меҳмонхонага ўринлашиб олганимиздан сўнг, автобусларга ўтириб, Каъба сари отландик. Йўлбошчимиз Абдулборий бизга пайғамбаримизнинг уйлари жойлашган томонни кўрсатди. Бу жойлар Макканинг энг обод гўшаларидир. "Қуръон"да лаънатланган Абу Лаҳабнинг уйи ўрнида эса ҳозир ҳожатхона жойлашган экан.
Бир куни Абу Лаҳаб одамларга мақтанибди: "Мен ҳали шунақа мусулмон бўлайки, Муҳаммаднинг мен ҳақимдаги иғвоси чипакка чиқади". Аммо унга умри вафо қилмади. Исломга киришга улгурмай, кофирлигича ёруғ дунёни тарк этди. У битта нарсани тан олишни истамади, китобда айтилган гап Муҳаммаднинг эмас, Яратган эгамнинг ҳукми эди. Агар у мақтаниб, мусулмон бўлишини кутмасдан, ўша заҳотиёқ иймонга кирганида, балки тақдири ўзгача бўлармиди?! Буёғи энди менинг ожизона ўй-хаёлларим ҳосиласи. Нима бўлганда ҳам, бу воқеалар тафсилотида катта ҳикмат бор: Одамлар, яхшиликка ўзгаришингизни кутманг, ўзгаришни ҳозироқ бошланг, нажот топасиз.
Биринчи марта Каъба дарвозасидан кирар эканман, дастлаб мен унинг ҳайбати ва улуғворлигини ҳис қилдим. Унинг атрофидан айланиш давомида Аллоҳга ҳамдлар айтиб гуноҳларимизни кечиришини илтижо қилдик. Кейин барча билган одамларим: аввало отам, онам, боболарим, катта оналарим, ёр-биродар, пиру устозлар ва шу заминда яшаб ўтган улуғ инсонлар, мўъмину мўъминалар, муслиму муслималар ҳақига дуои хайрлар қилдик, ёруғ дунёдан ўтганларга раҳмат, тирикларга умр ва саломатлик, дунёга тинчлик, халқларга фаровонлик тиладик.
Каъбада Умра зиёратининг тўрт амалини тўлиқ адо этиб бўлгач, 4 октябрга ўтиб, тунги соат учларда меҳмонхонамизга қайтдик. Ҳамма янги ҳожилар бир-бирларини қутлуғ зиёрат билан табриклашди. Каъбани яна зиёрат қилиш ниятини кўнглимизга тугиб, бу қутлуғ гўшани тарк этдик.
Худойберди Комилов.
(Давоми бор)