Улуғ Умра зиёрати: Шаржа, Жидда, Мадина

Ҳаммаси ниятдан бошланди. 2022 йилнинг май ойлари эди. Кўнглимда муборак Ҳаж зиёратига бориш фикри пайдо бўлди. Рафиқам бу ниятимни истеҳзо аралаш олқиш билан қабул қилди. Уни кўпроқ маблағни қаердан топиш муаммоси ўйлантираётганини билардим.

Ҳақиқатан ҳам, муаллимлик маоши билан олтмиш беш миллион сўмни икки дунёдаям жамғара олмаслигимни мендан кўра, у кўпроқ яхши биларди. Мен бўш келмадим. Ҳажга велосипед билан боражагимни айтганимда, негадир у фикримни юз эллик фоизга қувватлади.

Орадан бир ойча вақт ўтар-ўтмас, Тошкентдан хушхабар келди. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги танловига тақдим этилган болаларга атаб ёзган шеърий тўпламимга мукофот берилар эмиш. Мен албатта, бу янгиликни ортиқча ҳаяжонсиз қабул қилдим. Нега десангиз, 2014 йилда ҳам олдинги бир китобим "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг республика босқичида мукофотга сазовор бўлиб, ўнта китоб билан тақдирланганди.

27 июнь куни рафиқам, катта келиним Заринаой, неварам Зафаржон - тўрталамиз мукофотни олиш учун Тошкент шаҳридаги "Адиблар хиёбони"га йўл олдик. Аммо бу гал соврин биз кутганимиздан кўра анча йирик бўлди. 2020 йилда "Ўзбекистон" нашриётида чоп этилган "Топқир болалар" шеърий тўпламим учун оз эмас 20 миллион сўм мукофот беришди. Бу пулни харажат қилишнинг минг битта жойи ва зарурати мавжуд бўлса-да, мутлақо ўзгача йўлни танладим. Хуллас, Ҳаж қилишга етмаса ҳам, умра зиёратига боришга бемалол кифоя қиладиган пул “осмондан” тушганди. Рафиқамнинг зиёрат харажатлари камини (у ҳам ўзича Ҳаж илинжида анчадан бери пенсиясидан пул жамғариб юрганди) болаларим кўтарадиган бўлишди. Биз дарҳол ариза ёзиб, мутасаддиларга топшириб қўйдик. Аммо зиёрат талабгорлари кўплиги боис кутишни таклиф қилишди. Кунлар совиб бораётганлигини эътиборга олиб, зиёратни хусусий сайёҳлик фирмаси орқали амалга оширишга қарор қилдик.

Шундай қилиб, 2022 йил 30 сентябрь тунда "Air Arabia" авиакомпаниясининг “А-321” аэробусида турмуш ўртоғим билан Тошкентдан Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрига парвоз қилдик.

 

Шаржада бир кун

Тонгги соат еттиларда Шаржа шаҳрининг ҳаво дарвозаси - халқаро аэропортга қўндик. Биринчи сезилгани - эрталаб бўлишига қарамасдан, ҳавонинг жуда иссиқлиги ва димлиги эди. Учоқнинг эшигидан чиқишим билан худди қизиган тандирга бош суққандек бўлдим. Энди Жидда шаҳрига обориб қўйиши лозим бўлган учоқни аэропорт биносида саккиз соат кутишимиз керак экан. Бу мен учун ўта зерикарли машғулот эди. Аммо “Жафокашга жафо камми” деганларидек, шу ерда ҳам менга эрмак топилди. Учоқларнинг қўниб учиши мени ғоят қизиқтириб қўйди. Учоқ келиб тўхташи билан бир ходим ғилдиракларга қўйиладиган учбурчак тошни олиб чопади. Салонни йўловчилар тўлиқ тарк этмай туриб, турли хизмат ходимлари ишга чумолидек ёпишади. Бирлари ёнилғи қуйса, иккинчилари аккумуляторларни қувватлантиришга киришади, учинчилари эса салонга тоза ҳаво ҳайдайди. Мени ҳайрон қолдиргани алоҳида махсус машина келиб, заиф, ногирон йўловчиларни аравачалари билан тушириб олгани бўлди. Бизнинг транспорт ходимларимиз жисмонан чекланган одамларга ҳали бу даражада ғамхўрлик кўрсатолганича йўқ. Хуллас, Шаржа аэропортидаги қизғин ҳаёт бир дақиқа бўлса ҳам тўхтамайди. Ходимларнинг бош қашишга вақти йўқ.

Бир сўз билан айтганда, нонларини ҳалоллаб ейишмоқда. Самолётлар эса тинимсиз учиб-қўниб турибди. Ҳамма хизматчиларнинг иши аниқ белгилаб қўйилган. Бирови иккинчисининг ишига аралашмайди. Бу жойда инсонга, унинг меҳнатига эътибор мақтагулик даражада эканлигини кўриб, ҳам суюндим, ҳам ҳавас қилдим. Яна менинг диққатимни тортган нарса шу бўлдики, бу ерларда янгилик билан эскилик бир-бирини тўлдириб, ёнма-ён яшаяпти экан. Жўмракка қўлингизни яқинлаштиришингиз билан сув ўз-ўзидан туша бошлайди.

Эшикларни эса ўша отам замонасидан қолган эски усул - лўкидон билан бекитасиз. Шаҳар ичига кирмаган бўлсак-да, узоқдан кузатганимиз Шаржа жуда обод шаҳар эканлиги билиниб турарди. Осмонўпар бинолар, ҳисобсиз чироқлар ёқиб қўйилган чароғон кўчалар учоқ ойнасидан худди эртаклардаги афсонавий манзаралар сингари кўринар эди.

Ассалом, Жидда!

Учоғимиз Арабистон ярим оролини кўндалангига кесиб ўтиб, кеч соат олтилар атрофида Жидда шаҳрига қўнди. Бу жойда мамлакатга кириш чоғида амалга ошириладиган барча расмиятчиликлардан ўтиб, Саудия Арабистони тупроғига қадам қўйдик. Ҳаво Шаржадан кўра салқинроқ экан. Аммо ўша-ўша, чанг ва ғубор уфққача чўзилиб кетган. Жидда аэропорти ҳам жуда гавжум жой экан. Ҳар дақиқа оралаб самолёт ҳавога кўтарилади.

Шу ўринда мен бир шахсий мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман. Ўтган икки кун давомида юзлаб учоқлар парвози ва қўнимини кузатдим. Аммо улар орасида бирорта ҳам "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га қарашли самолётни кўрмадим. Мамлакатимиздан хорижга чиқаётган сайёҳларнинг деярли барчаси чет эл авиакомпаниялари хизматидан фойдаланар экан. Айтиш мумкинки, халқимиз тийинлаб йиққан сўмлар хорижий сармоядорлар чўнтагига бориб тушаркан.

Тўғри, улар бизга хизмат кўрсатишяпти, бироқ шу хизматни ўзимиз кўрсатиб, қўшимча иш ўринлари яратсак бўлмасмиди?! Ана шунда мусофир мардикор юртдошларимизнинг сони бироз камаярмиди дейман-да. Бунинг устига " Air Arabia"даги устамон тадбиркорлар самолёт салонида турли егуликлар сотиб ҳам фойда олишяпти. Бир қоғоз стакандаги чой нархи икки доллар бўлганидан кейин, улар оладиган даромад ҳисобини ўзингиз қилаверинг. Албатта, орамиздан бунақа бойвачча харидорлар топилмади. Лекин биз билан бирга учаётган хорижий йўловчилар егуликларни оғринмасдан харид қилганларига гувоҳ бўлдим.

Аэропортларнинг бирида "Қанот Шарқ" авиакомпанияси самолёти Тошкентга учиши ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Бир қарашда бу жуда қувончли, аммо нега "Шарқ қаноти" ёки "Қанотли Шарқ" дейиш ўрнига мужмал сўз бирикмаси қўлланган. Менимча, бу ном аввал русча қўйилиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинган бўлса керак. Ҳоким сўзнинг тобе сўздан олдин келиши рус тилида одатий ҳол. Диққатимни тортган яна бир нарса кўчалардаги автомашиналарнинг кир-чирлиги бўлди. Бу Жидда шаҳрининг қумлоқ соҳилда жойлашганидан бўлса керак. Денгиз томондан эсадиган шабада қум ва чанг зарраларини ҳавога кўтаради. Дид билан, замонавий қурилган кўчалар четидаги ташландиқ қоғоз ва пакетлар шамолда учиб юрибди. Афтидан, бу жойларда баклашга териб юрувчи эҳтиёжманд инсонлар йўққа ўхшайди.

Шу куни тунда автобус билан Мадина шаҳрига кириб бордик. Йўл таассуротларини ёзиб беролмаганимнинг асосий сабаби шуки, трасса ғоят равон бўлгани ва қаттиқ чарчаганимиз боис манзилгача ухлаган ҳолда етиб борибмиз. Машойихлар айтмишларки, уйқу вақтинчалик ўлим, ўлим эса мангу уйқудир.

Мадинага етиб келиб, шундоққина Масжид ул Набавий яқинидаги "Андалуз" меҳмонхонасига мен, қўшни қишлоқлик юртдошим Мирзамурод, наманганлик янги танишим Абдухалил ака билан биргаликда битта хонага жойлашдик. Рафиқаларимиз ҳам шундоқ ёнимиздаги хонага қўнишди.

Худойберди Комилов.

(Давоми бор)