Улуғ Умра зиёрати: “Муқаддас масканга яна келаман!”

Якшанба куни аввалдан кўнглимга тугиб қўйган ниятим, яъни, отам учун ҳам нафл умра маросимини амалга оширишга киришдим. Олдин онамнинг хизматларини адо этишим боиси шунда эдики, киши учун онанинг ҳақи отаникидан кўпроқ бўлиши ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи вассаллам ўз муборак ҳадисларида таъкидлаб айтганлар.

Отамни эслаб

Яна бир андишам шунда эдики, отамнинг хизматларини укам ва синглим ҳаж ёки умрага келганида бажариб кетиши ҳам мумкин эди. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, шу амални бажаришга ўзимда имконият пайдо бўлди ва уни катта ғайрат билан амалга оширишга киришдим. Дастлаб шаҳар чеккасидаги “Ойша она” масжидига бориб, қайтадан эҳромга кирдим.

Кейин Ҳарамга келиб, Каъба атрофини етти марта айланиб, мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқиб, отамга бағишладим. Кейин Сафо ва Марва орасидаги йўлни етти марта юриб, югуриб ўтдим. Йўл охирида икки ракат намоз адо этиб буниям дадамнинг номларига бағишладим. Охирги маросим - сочимни тақир қилиб олдирдим ва шу билан барча амалларни адо этган бўлиб эҳромдан чиқдим. Кўнглим ана шундан кейин чироқдек равшанлашди.

Албатта, ота билан онанинг ҳақини тўла адо этиш фарзанд учун сира мумкин эмас. Бир одам онасини елкасига кўтариб олиб бориб, ҳаж қилдирибди ва энди онамнинг ҳақини адо эта билдимми, дея сўрабди. Шунда унга: “Ҳа, онангни сени эмизиш учун бир марта уйқусини ҳаром қилиб уйғонгани ҳақини адо этдинг, холос”, деган эканлар. Фарзанд бир ҳолатдагина ота-онасининг ҳақини тўлиқ адо этиши мумкин экан. У ҳам бўлса, қачонки уларни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб озод қилса, уларнинг қилган яхшиликларини тўлиқ қайтара олиши мумкинлиги ҳақида муҳаддислар хабар берганлар, валлоҳи аълам. Бунда ота-онанинг фарзандга ҳақи беқиёс эканлиги билан бирга эрк-озодликнинг қадри ҳам ундан-да кам эмаслиги айтилмоқда.

Шундай экан, менинг бажарган бугунги хизматларим уларнинг мен учун қилган меҳрибончиликлари олдида қум заррачаси янглиғ кичик бир учқун бўлса, не ажаб.

Ватанга қайтиш

10 октябрь душанба куни узоқ йўлга чиқиш олдидан тузукроқ дам олишга қарор қилдик. Хонадошларим билан бирга аввал суҳбатлашиб, кейин ухлаб қолибмиз. Дам олиб бўлгач, тушлик қилдик, дўконларни айланиб, совға-саломлар харид қилдик ва жомадонларимизни кетишга ҳозирлашга киришдик.

11 октябрь саҳар соат 4:00 да автобус билан Маккаи Мунавварадан яна Жидда шаҳри томон жўнадик. Бир соат зиёдроқ йўл босиб, аэропортга етиб келдик. Давлат чегарасидан чиқиш тартиби бўйича расмиятчиликлардан ўтиб бўлгач, соат 11:45 да учоққа чиқдик.

Соат 12:00 да самолётимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳри сари парвоз қилди. Манзилимизга етиб бориб, аэропорт биносида Тошкентга жўнайдиган учоғимизни кутдик. Негадир, бу сафар кутиш унчалик давомли бўлмади. Соат 22:00 да Тошкент сари парвоз қилдик. Қаттиқ чарчаган эканман, шекилли, уйқуга кетиб, самолётимиз Туркманистон сарҳади устидан ўтаётганида уйғонибман.

Учоқ қанотлари остидан аввал Ашхобод, Мари, кейинроқ Чоржўй ҳозирги Туркманобод шаҳри чироқлари, Амударё устидаги кўприк кўринди. Узоқдан Бухоро, Навоий, янаям узоқроқда эса Зарафшон ҳамда Учқудуқ шаҳарларининг чироқлари порлаб турарди. Яна бироздан сўнг Сирдарё, ундан кейин эса Тошкент чироқлари кўринди. Тунги соат 2 дан 10 дақиқа ўтганида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўндик. Юкларимизни олиб бўлгач, ҳамма бир-бири билан хайрлашиб, уй-уйига равона бўлди.

Аэропорт олдида тумонат одам йиғилган, айримлар қўлида табрик ёзилган транспорантлар кўтариб олган, кимдир видеога олиш билан овора. Худди чемпион бўлган спортчиларни кутиб олаётгандек тасаввур уйғонади кишида. Бизни Тошкентда яшайдиган Қобилжон ўғлимиз кутиб олди. Машинада Самарқанд томонга қараб йўл олдик. Бомдод намозини Бахт шаҳридаги масжидда адо этдик. Йўл бўйида жойлашган ушбу масжид бизда жуда илиқ таассурот қолдирди. Кун қоронғу бўлишига қарамасдан, иссиқ сув, юмшоқ сочиқлар, хуллас, ибодат қилиш учун барча қулайликлар яратиб қўйилган экан. Биз ва бошқа барча йўловчилар бундан жуда мамнун бўлдик. Шу ўринда телеграм ва сайт саҳифалари орқали масжид имоми ва хизматчиларига, уларнинг сахий ҳомийларига йўловчилар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдириб ўтаман.

Йўлда давом этиб, Жиззах довонидаги чойхонада нонушта қилиб олдик ва эрталаб соат 10 лар атрофида Ургут шаҳрига кириб бордик. Уйда бизни пояндозлар солиб, кутиб олишди. Етиб боришимиз билан дарҳол икки ракат шукрона намозини ўқиб олдик, шу билан Каъбатуллоҳ сари қилган катта сафаримиз ўз адоғига етди.

Сўнгги сўз

Муқаддас диёрда бўлиб қайтган ҳар бир зиёратчида, албатта, яна битта ажиб истак пайдо бўлади. У ҳам бўлса Маккатуллоҳ ва Мадина шаҳарларига яна такрор бориш. Мен, ҳатто, ўша ерларда доимий қолиб кетиш хоҳишида бўлган одамларни кўрдим. Кишида савол пайдо бўлади: нега бундай бўларкин?

Одамни ўзига жалб қиладиган, уни , ҳатто, ватан туйғусидан ҳам оз бўлса-да совутиб қўядиган куч нимада? Арабистоннинг қайноқ қуёшими ёки у ерлардаги тўкин-сочинликми, ё балки шифобахш зам-зам сувидир. Менимча, бунга сабаб: бу муқаддас ўлкадаги одамларнинг бир-бирига тоза муносабатида, ниятларининг поклигида бўлса керак. Тасаввур қилинг, ҳеч ким бировнинг асабига тегмайди, ёлғончилик, алдамчилик йўқ. Юқорида ёзганимдек, ўғрилик, ҳаромхўрлик ва жиноятчиликнинг пайи қирқилган. Бир сўз билан айтганда, бу диёрда шайтоннинг давру даврон суришига чек қўйилган. Ана шундай муҳитда кишининг шу ерларда яшагиси, қолгуси келса, не ажаб.

Шу маънода, мен Умрага велосипедда борган Акмалхон отани визанинг охирги кунигача ўша ерда қолиш қарорларига ажабланмадим. Кўпчилик бу зиёратдан киши бошқа одам бўлиб қайтади, дейишади. Ҳақиқатан ҳам, ушбу диёрда бўлган одам ёлғон гапирмай, алдамай, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасдан, бир сўз билан айтганда, шайтони лаиндан узоқроқ яшаш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилади.

Нима бўлганда ҳам, бу икки муқаддас шаҳарнинг меҳри, муҳити ўзгача. Мен ушбу қутлуғ диёрни тарк этар эканман, кўнглимда янги орзу, янги ниятлар отилиб чиқди: “Илоҳим, шу ерларга яна келиш насиб этсин. Нафақат менга, барча эзгу ният қилган кишиларга, ҳамма-ҳаммага ана шу муқаддас тупроқларда юриб, муқаддас жойларни зиёрат қилишни Аллоҳ насиби рўз айласин, омин!”.

Худойберди Комилов.