Давлат кўмаги билан Умра зиёратига борган эҳтиёжманд оила вакилларидан иборат зиёратчиларнинг бир гуруҳи қайтиб келди
- Мўмин-мусулмонларнинг орзуси бўлган бу муборак сафарга бориш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бунинг учун кимлардир мисқоллаб пул йиғади. Бугунги кунда кутилмаганда ижтимоий "дафтар"ларда рўйхатда турадиган хонадонлар вакиллари армонга айланиши мумкин бўлган орзуси рўёбга чиқди. Улар орасида мен ҳам борлигимдан шукрона келтираман.
Бу гапларни қутлуғ Рамазон ойида муборак Умра зиёратини адо этиб қайтган оқдарёлик Ҳалима Бобоқулова сўзлаб берди.
Дарҳақиқат, вилоятимиздаги эҳтиёжманд, шу билан бирга ибратли оилалар вакилларидан 100 нафарига давлат томонидан берилган йўлланма асосида муборак кунларда Умра зиёратини амалга ошириш насиб этди.
- Президентимизнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров кам таъминланган оилалар вакилларини Умрага юборишда давлат томонидан ёрдам берилишини таклиф қилган эди, – дейди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Давлатимиз раҳбари бу илтимосни қаноатлантириб, адолатли тақсимот қилиб берилса, ёрдам кўрсатишга тайёрликларини билдирганди. Ана шу ташаббус асосида туман ва шаҳарларидан аҳоли сонига қараб, 7-8 нафардан, жами 100 кишининг рўйхати шакллантирилди. Бунда зиёратга борувчиларнинг маҳаллада, эл ўртасида ҳурмат-эътибор қозонгани, муқаддас сафарга боришга моддий имконияти етарли эмаслиги ва бошқа жиҳатлар эътиборга олинди.
Самарқандлик зиёратчилардан ташкил топган гуруҳлардан бири бу муборак сафарни адо этиб қайтди.
- Бизни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш ва бошқа барча хизматлар аъло даражада бўлди, - дейди Самарқанд шаҳри Сўзангарон маҳалласида яшовчи Жангир Ибрагимов. – Рамазон ойида адо этилган Умра зиёрати муборак Ҳаж амали билан баробар бўлиши мумкинлиги, шунингдек, сафар чоғида тутилган рўзанинг савоби катта эканлиги қалбимизда беҳисоб шукроналик туйғуларини ҳис қилдик.
Айни пайтда самарқандлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Мадина ва Макка шаҳарларида Умра амалларини адо этмоқда.
Хайрулло Сатторов,
вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.