Фатво маркази Умрадан қайтган аёл оёғи остига ёш бола ётқизилганига муносабат билдирди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолчалар, кийимлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳа кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
Ҳақиқатда Умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда Умра сафаридан келганларни дабдаба-ю асъаса билан кутиб олиш, кўча бошидан пояндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда.
Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидирлар. Лекин ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ.
Аслида, динимизда ибодатни одамларнинг кўзидан яширишга, кўз-кўз қилмасликка буюрилади. Риёкорлик – одамлар кўриши учун бир ишни қилиш. Чунки ундан Аллоҳнинг розилиги эмас, балки бандаларнинг кўриши назарда тутилган бўлади.
Мусулмон киши ҳар бир ишни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши лозим. Агарда киши бир амалга “одамлар мени кўриб қўйсин”, деган қасд билан киришса, шу амали бекорга кетиб, устига-устак гуноҳкор ҳам бўлади.
Имом Шамсуддин Заҳабий “Ал-Кабоир” номли китобида: “Риёкорлар Қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: “Эй риёкор!”, “Эй хиёнаткор!”, “Эй фожир!”, “Эй зиёнкор!”. Ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни ол. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”, дейилади”, деб баён этилган.
Шундай экан, дабдабали маросимлар учун қиладиган сарф-харажатларни тежаб, ён-атрофимиздаги муҳтож кишиларга берсак, фарзандларимизнинг таълим олиши йўлида сарфласак, ибодат қабул бўлиши учун бир васила бўлар эди, иншааллоҳ.