Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Улуғ Умра зиёрати: Қулфланмайдиган дўконлар

Олтинчи октябрь куни ўзимизнинг ихтиёримизда бўлгани боис, бибимнинг, ургутча шева билан айтганда, бийимнинг номларига нафли бадал умра амалларини бажаришга қарор қилдим. Шу мақсадда рафиқам билан шаҳар чеккасидаги "Ойша она" масжиди сари равона бўлдик.

Шаҳар чеккасидаги масжид

Биби Ойша пайғамбаримизнинг севимли завжаларидан бири бўлиб, исломнинг қарор топишида беқиёс катта ҳисса қўшган аёл. Таксичи биздан обориб келиш шарти билан ҳар биримиздан ўн риёл талаб қилди. Аммо унга ҳисобдан адашиб, қайтимга ортиқча бериб юборган эллик риёлини қайтарганимиздан кейин унинг бизга муносабати кескин ўзгарди. Бизни Имом Бухорий юртидан эканлигимизни билгач, умуман шошиб қолди ва дастлабки қўйган нархини икки риёлга камайтириб саккизтага туширди. Яна бир неча бор раҳматлар айтиб, миннатдорчилик изҳор қилди.

Турмуш ўртоғимнинг айтишича, у зиёратга келган 2019 йилда йўлкира нархлари икки баравар арзон бўлган. Ҳа, маккалик маҳаллий халқ ҳам лаънати пандемия асоратларини ўзига хос йўл билан даволамоқда эди. Ўша йилларда ҳожилар таъминоти ҳам ҳозиргидан кўра анча яхшироқ бўлган экан. Шу маънода, ковид касаллиги дунё иқтисодиётига, айниқса, туризм соҳасига ўнгланмас катта зарар етказиб кетди. Бу борада сайёҳлик индустрияси кучли ривожланган мамлакатлар, шу жумладан, Саудия Арабистони кўрган зарар жуда катта бўлди. Мен Макка марказидаги меҳмонхоналар сонини санаб адоғига ета олмадим, аммо ўша даврдаги уларнинг ҳолатини яхши тасаввур қилдим. Агар бу касаллик тезроқ чекинмаганида, бизга ҳам бу табаррук жойларга келиш қаёқда эди дейсиз.

Шундай қилиб, Умра амалларини рафиқам - иккаламиз яна қайтадан бажардик. Бу галги амалларимиз гуруҳдан ташқари бўлгани туфайли муқаддас Каъбага жуда яқинлашдик ва уни тавоф қилиб, ҳатто айвончасига кириб, икки ракат нафл намозини адо этиш асносида кўзларимга ёш қуйилиб келди.

Рафиқам бажарган амалларини дунёдан ўтиб кетган бефарзанд холаси учун бағишлаб, дуойи фотиҳа қилди. Амалларимизни, илоҳим ўз даргоҳига қабул қилсин ва дунёдан ўтган яқинларимизнинг билиб-билмай қилган гуноҳларини афв этиб, жойларини фирдавси аълодан ато қилсин.

Шу куни тушликдан кейин чарчоғимизни ёзиш мақсадида дам олдик.

Жума намози

Қутлуғ кунимиз номини шу тарзда ёзишимнинг сабаби сизга тушунарли бўлса керак. Ҳа, эрталабдан биз - хонадошлар муқаддас Каъбада ўқиладиган катта намозга ҳозирлана бошладик. Ғусл қилиб, оҳорли либослар кийиб, ҳар турли атирлар билан хушбўйланиб, соат ўн бирларда намозгоҳга отландик. Агар барвақтроқ борилмаса, масжид ичидан жой топилмай қолиши ҳеч гапмас. Ҳақиқатан ҳам, сон-саноқсиз одамлар дарёси турли томонлардан Масжиди Ҳарам томон оқиб келмоқда эди.

Жума намози бошлангунча нафл ўқиб, вақт қандай ўтганини сезмай қолдим. Масжиддан чиқиб қарасам, худди ер ёрилиб одам чиққандек. Улар бироз камайишини кутиш мақсадида соатли минора остидаги савдо марказини айландим. Тужжорлар дўппимни кўриб, юртдошимиз, ислом оламининг фахри Имом Бухорийга бўлган меҳр муҳаббатларини изҳор қилишди. Харидимизни нарх талашмасдан, тўрт беш риёл арзонга тушириб беришди. Бир бангладешлик дўкончи дўппим эвазига бир нечта ҳожи қалпоғини таклиф қилди. Аммо у ўзбеклар пичоғи билан дўпписини бировга бермаслигини қайдан билсин.

Автобус тўхташ жойига келсам, ҳалиям одам жуда кўп экан, яқин йўлаб бўлмади. Меҳмонхонамиз унча узоқ бўлмагани боис пиёда йўлга тушдим. Анна-мана тушлик қилиб бўлгунимча, аср намози вақти ҳам етиб келди. Негадир, шу кун мен учун ғоят тез ўтгандек бўлди. Бунинг сабабини ҳозиргача ҳам билолмайман.

Қизил денгиз соҳили

Шанба куни саёҳатга чиқадиган бўлдик. Умримда денгизни кўрмаганим боис Қизил денгиз соҳилларига бориш мен учун чинакам янгилик бўлиши аниқ.

Эрталаб соат саккизда Жидда шаҳри томон жўнадик. Йўлимиз тоғдан соҳилга қараб нишаб бўлгани туфайли ҳаш-паш дегунча аввал ҳам қўниб ўтганимиз, шаҳарга етиб бордик. Жидда Саудия қироллигининг нафақат ҳаво дарвозаси, балки йирик денгиз порти ҳам экан. Соҳилда турган баҳайбат кемаларга минг-минглаб контейнерларни юклаш мумкин экан. Жидда билан бошқа шаҳарларни боғлайдиган темир йўлда асосий юклар ташиларкан. Умуман, Саудия Арабистонини ривожланиб, дунёдаги кучли йигирмата давлат қаторига киришида Жидданинг аҳамияти катта эканлиги кўриниб турибди.

Мамлакатда кенг тармоқли автомобиль йўллари ҳам мавжуд бўлиб, юқорида ёзганимдек, сифати аъло даражада. Шу туфайли бўлса керак, бирор жойда тиқин ёки фалокат бўлганини кўрмадим. Кўп жойларда йўллар икки, уч қаватли, йўл ўтказгич кўприклар сероб. Бир сўз билан айтганда, бу ерда бунақа қойилмақом йўллар бор деб сира ўйламагандим.

Шаҳарлар бош режа асосида шинам қилиб қурилган. Бизда учрайдиган пала-партишликни ҳеч қаерда кўрмадим. Бирор жойда таъмир ишлари кетаётган бўлса, атрофи ўралиб, огоҳлантириш белгилари ўрнатиб қўйилган. Қисқаси, уларнинг иши биздагидан кўра анча пишиқ, пухта. Бунда Саудия Арабистонида қонунларнинг бекаму-кўст бажарилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этган, деб ўйлайман.

Жиддада бўлганимизда, катта йўл четидаги бир масжидни кўрсатишди. Унинг номи "Масжид ул Қисос" бўлиб, шу ерда жиноятчилар жазосини олар экан. Ўғриларнинг қўли кесилиб, қотилларнинг боши танасидан жудо қилинаркан. Бир қарашда, бизнинг асримизда бу ўтакетган шафқатсизликдек бўлиб туюлиши мумкин. Аммо бу мамлакатда ўғрилик ва қотиллик жиноятлари деярли учрамаслигини эътиборга олсак, у қадар даҳшат туймайди киши. Қолаверса, жазо аҳён-аҳёнда кўпчилик кўз ўнгида амалга ошириларкан.

Мўмин-мусулмонларга тинч бехавотир ҳаёт таъминланган бу улуғ диёрда тақво билан яшайдиган инсонлар учун ҳеч қандай хавотир ёки хатар йўқ. Шу боис бўлса керак, бу ердаги дўконлар қулфланмайди. Эгаси шундоқ эшигини ёки пардасини ёпиб намозга чиқиб кетаверади. Бировнинг молига ёки жонига дахл қилиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Бу масалада чексиз баҳслашиш мумкин, бироқ бу ерда намунавий жазонинг тарбиявий таъсири жуда кучли эканлиги яққол кўриниб турибди. Бирор жойда тартибсизлик ёки можаро аломатларини кўрмадик.

Тўғри, биз бормасдан бурунроқ Мадинадаги "Масжид ул Набавий" да аёллар жанжаллашиб қолишибди. Шундан сўнг маҳаллий маъмурлар масжиднинг равза қисмида эркин зиёрат қилишни чеклаб қўйишибди. Жанжалкашлар эса бегона эмас, Ўрта Осиёдан борган ўзимизнинг зиёратчи аёлларимиз экан. Афсус, биз ўзимиз билан бирга жамиятимиздаги иллатларни ҳам бирга етаклаб борамиз.
Шундай қилиб, хоҳловчилар кемага миниб, хоҳламаганлар шунчаки денгизни томоша қилиб роса кўп суратга тушишди. Мен ҳам ўзимча, орзуимни амалга ошириб, денгиз сувига тушдим. Афсуски, чўмилишга рухсат йўқ экан. Лекин бир нарсани билиб олдим, Қизил денгизнинг суви худди қозонда иситилгандек илиқ эди.

Ҳа, айтгандек «Масжид ул Қисос» яқинида бир мақбара бўлиб, халқ орасида Ҳавво қабри номи билан машҳур экан. Аммо йўлбошчимиз Абдураҳмон ҳожи бу гап охиригача исботланмаганини айтиб ўтди. Чунки Ҳазрати Одам даврларидан бизнинг замонимизгача жуда катта муддат ўтганлиги боис, бу фактни ҳеч бир тарих исботлаб беролмаган. Бунинг устига, юқорида ёзганимдек, бу мамлакатда қабрларга ёдгорлик ўрнатиш урф эмас. Текис мозор устига оддийгина битта тошни қўйиб қўйишаркан, холос.

Пешин намози арафасида Жиддадаги саёҳатимизни тугатиб яна Маккага қайтиб келдик. Куннинг иккинчи ярмида кимдир дам олди, яна кимдир ибодат билан банд бўлди. Мен учрашувда совға қилинган китоб мутолааси билан машғул бўлдим.

Худойберди Комилов.

(Давоми бор)