Дунёнинг энг қадимий университетлари
Ўрта мактабни тамомлаб, олийгоҳга ўқишга кириш ҳар бир ёш авлоднинг келажаги учун жуда фойдали. Чунки университет ёки институтлар юқори даражали билим олишни, мутахассис бўлишни кафолатлайди.
Шундай олийгоҳлар борки, уларнинг тарихи ва қадимийлиги учун ҳам у ерда таълим олишни бир неча минглаб ёшлар орзу қилишади. Шу боис эътиборингизга дунёдаги энг қадимий университетларни тақдим этамиз.
Мурсии университети (1272 йилда асос солинган, Испания)
Испаниянинг жанубий-шарқида жойлашган Мурсии университети ёшларга фалсафа, тиббиёт, ҳуқуқ, биология, иқтисодиёт, психология ва ветеринария соҳаларида таълим даражаларини таклиф этади. Кастилия, Леон ва Галисия қироли Альфонсо Х (Доно) ушбу университетга асос солди. У таълим беришда фан ва адабиёт соҳаларида анъанавий лотин тилининг ўрнига, испан тилининг Кастиль шевасини қўлланилиши тарафдори бўлган.
Университетнинг ҳозирги биноси 1915 йилда қурилган. Мазкур олий таълим муассасаси Испаниянинг энг қадимий ва нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. Мурсии университети дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан йилига 1000 дан ортиқ талабаларни қабул қилади.
Вальядолид университети (1241 йилда асос солинган, Испания)
Испаниянинг Кастилия-Леон ҳудудида жойлашган Вальядолид университети Кастилия қироли Альфонсо VIII томонидан 1208-1212 йилларда асос солинган Паленсия университетидан ажралиб чиққан. Дастлаб унда грамматика, арифметика, лотин тили, диншунослик фанларидан таълим берилган. Унга ҳуқуқ, тиббиёт, санъат факультетлари ХХ асрнинг бошларида қўшилган.
Бугунги кунда Вальядолид университети 100 дан ортиқ йўналишда бакалавр, 17 йўналишда аспирантура ва 50 йўналишда магистратура дастурлари ўқитилади. Испаниянинг етакчи олийгоҳи ҳисобланган университетда 30 000 нафар яқин талаба таълим олади. Уларга 2700 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар дарс беради. Шунингдек, у ерда 950 нафарга яқин бошқа соҳа ходимлари ҳам ишлайди.
Сиен университети (1240 йилда асос солинган, Италия)
Флоренсия вилоятининг гўзал табиатли маркази Тоскана шаҳрида жойлашган Сиен университети жуда қадимий ва машҳур ҳисобланади. Университет очилган илк йиллар бу ерда лотин тили, ҳуқуқ, мантиқ ва тиббиёт фанлари ўқитилган. Мамлакат бошига тушган кўнгилсизликларга қарамасдан (Европа бўйлаб тарқаган вабо, иккита жаҳон уруши ва бошқалар), университет ўзининг нуфузи ва жозибасини сақлаб қолган. Маҳаллий аҳоли мазкур таълим масканининг дастлабки қиёфасини сақлаб қолиш учун қаттиқ ҳимоя қилишган.
Айни вақтда Сиена университетнинг 9 факультетида 20 000 дан ортиқ талаба таълим олмоқда. У хорижий талабаларни ҳам қабул қилади.
Тулуз университети (1229 йилда асос солинган, Франция)
Мазкур университет Раймунд VII ҳукмронлиги остидаги Тулуз графлиги номи билан аталган.
1969 йилда Тулуз университети учта алоҳида олийгоҳга бўлинди ҳамда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари бирлашмасига (Консорциум) айланди. Бугун мазкур университетда 100 000 дан ортиқ талаба таълим олади. Талабаларнинг 11 000 нафари хорижлик.
Неапол Федерих II университети (1224 йилда асос солинган, Италия)
Неаполитан университети Сицилия қироли ва Рим империяси императори Фридрих II томонидан тасдиқланган ҳужжатга мувофиқ ташкил этилган.
Бироқ 1987 йилдагина университетга Фридрих II номи берилди. Қирол университетни қироллик тожи бўлишини истаган ва ўқитувчи ҳамда талабаларнинг ушбу тожга муносиб бўлишларини талаб қилган.
Бугунги кунга келиб университетда 87 та кафедра фаолият юритиб, 97 000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари Осиё, Америка ва Европанинг мамлакатлари билан тажриба, малака алмашиш дастурларида иштирок этишмоқда. Хориждан талабаларни жалб қилиш устида изланмоқда.
Падуи университети (1222 йилда асос солинган, Италия)
Мазкур олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари илмий эркинлик излаб, Болон университетини тарк этганидан сўнг ташкил этилган. Бу ерда дастлаб илоҳиёт ва ҳуқуқ фанлари ўрганилган. XIV аср охирига келиб бу ўрганилаётган фанларга тиббиёт, нотиқлик санъати, астрономия ва фалсафа қўшилган.
Университет тиббиётдаги дастлабки тарихий кашфиётларга гувоҳ бўлган. Ушбу олийгоҳда ҳар доим таълим бериш ва таълим олишда фикрлаш эркинлигига асосий эътибор қаратилган. Масканда Галилео Галилей 1592 йилдан 1610 йилгача талабаларга дарс берган.
Кембриж университети (1209 йилда асос солинган, Англия)
У дунёдаги энг нуфузли университетлардан бири сифатида айрим келишмовчиликлар туфайли Оксфордни тарк этган олимлар томонидан барпо этилган. 1231 йилда қирол Генрих III университетга расмий мақом ҳадя этган.
Бугун Кембриж тасарруфида 31 та коллеж, 6 та мактаб фаолият юритади. Олийгоҳда 18 000 га яқин талаба таълим олади. Дунёнинг 120 давлатидан 3500 га яқин талаба ўқийди. Кембрижда ўқиш нархи қиммат бўлишига қарамасдан, у нуфузи ва таълим сифатининг юқорилиги билан ажралиб туради.
Оксфорд университети (1096 йилда асос солинган, Англия)
Бу олийгоҳ инглиз тилли мамлакатлар университетлари орасида энг қадимийси саналади. Оксфорд ўз тарихида баҳс-мунозаралар маркази вазифасини бажарган. Жумладан, насронийларнинг муқаддас Инжил китобини инглиз тилига таржима қилинишида у катта рол ўйнаган.
Бугун Оксфорд университети юқори рақобатбардош ва рейтингли мактаб сифатида дунёга машҳур. У ерда 22 000 нафар талаба таълим олиб, уларнинг чорак қисми хорижлик ҳисобланади. Оксфорд расмий сайтининг маълумотига кўра, битирувчиларининг 94 фоизи таҳсилни якунлагач, олти ой ичида нуфузли ишларга қабул қилинади.
Болон университети (1088 йилда асос солинган, Италия)
Ғарб дунёсининг энг қадимий университети ҳисобланган Болон ўзининг кўплаб машҳур битирувчилари билан ҳар қанча мақтанса арзийди. Қирол Фридрих I университетга расмий мақомни 1158 йилда ҳадя этган.
Бугунги кунда Болон университети 23 олий мактабдан иборат. Университетнинг 100 000 нафар талабасидан 5 000 нафари хорижлик ёшлар. Бундан ташқари, 2 000 талаба олийгоҳда малака алмашиш дастури асосида таҳсил олади.
Болон университети нисбатан кам маблағ эвазига энг юқори сифатли таълим беришни таклиф қилади.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.