Ургутдаги мактабга 16 та компьютер жамланмаси ва китоблар топширилди

Ургут туманидаги 107-умумтаълим мактабининг 300 ўринли биноси 2017 йилда қурилган. Ўқувчи ва ўқитувчилар учун замонавий бинода кўплаб қулай шароитлар яратилди. Бироқ мактабда ўқувчиларнинг информатика фанидан билимларини мустаҳкамлаш учун компьтерлар етишмасди.

Кеча, Тойлоқ туманида Ургут, Жомбой, Булунғур туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабул доирасида Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов ҳамда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда ушбу мактабга совғалар билан борди.

Мактабга 16 та компьютер ҳамда 150 дона китоблар жамланмаси топширилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг амалий ёрдами билан 2 километр масофадан оптик толали кабель тортилиб, мактаб интернет тармоғига уланди.

СамВХТБ ахборот хизмати.