Ургутдаги хонадонларнинг бирида юз берган ёнғин бир соатдан ортиқ вақтда ўчирилди

Ургут туманидаги хонадонда ёнғин содир бўлди, дея хабар берди вилоят ФВБ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 22 ноябрь куни соат 14:13 да «Дўстлик» маҳалласидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 3 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 14:19 да етиб бориб, ёнғин соат 15:38 да қуршаб олинган ва 15:55 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида тахминан 150 квадрат метр майдонда уйнинг шифти ва том қисми ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.