Ургутга темирйўл тармоғи тортиш ишлари бошланди

Шу йилнинг февраль ойидан бошлаб Самарқанд шаҳри ва Ургут туманини боғловчи темирйўл қурилишига киришилган эди.
Узунлиги 55 километр бўлган янги тармоқ “Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган бош режа бўйича замонавий муҳандислик ечимлари ҳисобга олинган ҳолда барпо этилмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳудудидан бошланувчи янги темирйўл тармоғи Жомбой туманидаги “МАN” заводи яқинидан 4Р-238 автомобиль йўлини кесиб, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтади ва ушбу дарё устида барпо этиладиган кўприк орқали Ургут туманига боради.
Бугун янги темирйўл тармоғини тортиш ишлари бошланди.
Темирйўл тармоғи тортиш тадбирида иштирок этган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев янги темирйўл тармоғи аҳолининг узоғини яқин қилиши, туризм, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини янада оширишини таъкидлади.
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари Анвар Алламуратовнинг таъкидлашича, темирйўл ўтадиган 55 километр йўлнинг 25 километрига темирйўл тармоғи тортиш учун қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шунингдек, иккита вокзал қурилиши бошланган бўлиб, биринчиси Ургут шаҳрида, иккинчиси Ургутнинг Тожикистон Республикаси билан чегарадош Жартепа ҳудудида барпо этилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.