Ургутнинг ардоқли ижодкор онахони
Мен ургутлик Муаттар Салимовани ўн йиллардан буён танийман. Она-боладек яқин, телефон орқали ҳаёт ва ижод олами ҳақида ижодий суҳбатлар қилиб турамиз.
Неданки, кексаликми ё ижодни тушунмаган “айрим”ларнинг, нодонларча ўйламай “Ёшингиз етмишдан ошганда ижод қилиб нима қиласиз?” деган дашномсифат гаплари таъсир қилибми, онахон бетоб бўлиб қолди. Ҳар замонда бир телефонда сўрашсам, тузук гаплашолмас ҳам эди. Самарқандга бир йўлим тушганида, Ургутга уйига бориб кўриб қайтдим. Мунғайибгина изимдан термулиб қолди. Мен “яна ижодга қайтинг, соғайиб кетасиз”, дедим.
Онахон яқинда телефон қилди, олдингидек овози жаранглаб чиқяпти, хурсанд, “Мен ижодга қайтдим, зерикдимми хонада ўтириб, ўзимча ёза бошлаган эдим, яна соғайиб кетдим. Ҳамқишлоқларим мени “ўлди”га чиқариб қўйишибди, шукур яхшиман, яна-тўй маъракаларга боряпман”... деган эди. “Ё қудратингдан, Тангрим” дедим. Ҳаққи рост, сўзнинг, ижоднинг кучи онахонга яна ҳаёт ато қилибди.
- Энди бошқа сўзларга эътибор берманг, ижод қилаверинг, жадал олға босинг, - дедим.
Онахоннинг бугун туғилган куни. Бундан 5-6 кун аввал қўнғироқ қилиб, “Келинглар, шу баҳона ижод ҳақида гаплашамиз” деди завқ билан... “Насиб, яхши ўтказинг”, дедим яхши тилакларни илова қилиб.
У кишига ижодий руҳ берадиган мавзу тоғаси ва устози таниқли шоир, тириклигида ўзбек-тожик ҳамдўстлигига катта ҳисса қўшган зиёли Ўлмас Жамол хотираси ва ижоди. Буни билганим учун ҳамда фикрларимни тиниқлаштириш учун саволлар бердим. Онахон шундай эслайди:
- 1956 йил учинчи синф ўқувчиси эдим. Душанбега қариндошларникига ота-онам билан борганимда ўзбек ва тожик халқининг севимли шоири бўлган тоғам Ўлмас Жамол хонадонига кирганмиз. Шоирнинг ижод нафаси уфуриб турган мўъжазгина уйнинг тўрида тартиб билан териб қўйилган китоблар жавонига ҳавас билан қараб турганимни кўрган Меҳринисо она (Аллоҳ раҳмат қилсин): “Булар Ўлмасгинамнинг китоблари” - деганди фахрланиб. -Биласанми, сенга қизимнинг исми қўйилган, шунга яхши кўраман, жиян бўлсанг ҳам синглисидек бўлгансан”.
Бу самимий сўзлар бир умр хотирамда қолди, шу туфайли китобларга ҳавас ва ижодга иштиёқ, адабиётга ихлосмандлик қилишдан чарчамадим. Ўлмас Жамолнинг 4 девони, ўнлаб китоблари, таржималари чиққан. Биргина 1971 йилда ёзилган “Дилму дилимни ўйнатар ёр”... деб бошланадиган ғазали 52 йилдирки, не-не хушовоз санъаткорлар томонидан сидқидилдан айтилмади, дейсиз”...
Муаттар опа тўлқинланиб гапирар экан у кунларни яшагандек ёки бирга бориб кўриб келгандек бўласан киши. Негаки, мактабда ўқувчи пайтидаёқ ўша пайтларда туманда ташкил қилинган радиода бошловчи бўлиб иш бошлаган, кейинчалик шу туманнинг нашри - “Ургут садоси” газетаси билан ҳаётини чамбарчас боғлаган онахон, ҳар бир хотира ҳикоясини жарангдор овозда, радиода гапираётгандек қилиб адабий оҳангдор ҳолатда етказади кишига. Сўзларни ўринли, ўрнида ишлатади. Онахоннинг дадиллиги, ижод билан тириклиги қувонтиради ва ҳавас уйғотади кишида, унинг умр йўли ибратларга бой.
Шундай қилиб ёш Муаттар Салимованинг ўшандаги холисона нияти, қалб тўлқини ўз самарасини кўрсатди. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олди. Эллик йил “Ургут садоси” газетасида мухбирлик қилди.
Ўлмас Жамолнинг Ургут туманида ўтказилган 70 йиллик юбилейига бағишлаб, Муаттар опанинг “Ургут садоси” газетасида “Дўстлик билан лиммо-лим бир қалб” номли мақоласи ёритилди. 2019 йили Ургут шаҳридаги 31-сон мусиқа мактаби тадбирлар залида Ўлмас Жамол таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Муаттар Салимованинг “Тенг ярмим ўзбекдир, тенг ярмим тожик” сарлавҳали шоирга бағишланган мақоласи туман газетасида чиқди.
Муаттар Салимованинг Душанбеда “Халқ овози” газетасида чиққан Ўлмас Жамол ҳаёти ва ижоди ҳақида “Юртларимиз обод элларимиз шод бўлса бас” номли мақоласини Тожикистондан келган ижодкор меҳмонлар тадбир иштирокчиларига тақдим этди. Ушбу тадбирда қатнашиб барча меҳмонлар катта таассуротлар олиб Ургутдан қайтдик.
Бир куни, бир одамдан интервью олишга кетар эканмиз, Муаттар Салимова шундай деган эди: “Бир хил одамларни оиласи қадрлар экан, лекин ҳаётда ҳеч ким танимас-билмас экан. Бир хил одамларни кўчада, эл-юрт ҳамма эъзозлаб-ардоқлаб, азизлар экан-у оиласида қадри йўқ бўлар экан. Аслида зўмби сифат одамдан ҳурмат-ардоқ кутиш ҳам ноўриндир.”
Ижодкорлар кўзининг қири, нигоҳи билан дунёни идрок эта оладиган, сўзи билан дил, кўнгил мамлакатини ишғол этадиган одамлар бўлади. Шундан келиб чиқиб айтсам Муаттар Салимова ижтимоий ҳаётда фаол, жамиятда нуфузи баланд аёл, шу билан бирга унинг инсон сифатида қалб ингроқлари нечоғлик ва унинг виждон мезони ҳам жуда баланд, бу баландликка унча-мунча одамнинг боши етмайди.
2021 йил 8 февралда Муаттар Салимова қўнғироқ қилди: “Мен Тошкентга келдим, Алишер Навоий бобомнинг юбилейига қатнашай деб. Сиз ўғлимдексиз, неварам қатори, эртага келинг Миллий боққа, ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали олдига бирга борамиз” деди. Бордим. Тадбирларга қатнашдик. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, Журналистлар уюшмасига, сўнгра Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ўтдик. Ўнлаб ёзувчи ва журналистлар билан учрашдик, суҳбатлашдик. Кўпчилиги онахон билан Ургутдаги ижод жараёнларини, таҳририятда ўтмишдаги шарт-шароитлар қандай бўлганини эсладилар. Муаттар опанинг қалбида ҳавас, орзу бўлиб қолиб кетган ҳислар кўп эканлигини, бу орзу-умидларини у аёл-оналик қисматига алмашганини, умрининг энг гуллаган йиллари турмуш ўртоғидан бевақт ажралиб қолиб, беш фарзандни ёлғиз ўзи боқиб, улғайтириб, уйли-жойли қилгани, лекин ижодга ҳавас, ижодкорлар даврасига талпиниш иштиёқи бу онахонни ҳеч қачон тарк этмаганлигини ўшанда эшитиб билдим. Онахоннинг умри ижодкор бўламан деб оилани барбод этган айримларга сабоқ бўлгулик экан, деб ўйлаб қўйдим ўшанда.
Бугун Ургутнинг эл ардоқлаган онахони Муаттар Салимова 76 ёшни қаршилаяпти. Биз барча ижодкорлар номидан онахонни қутлуғ умрининг янги довони, нуронийлик ва меҳнатлар роҳати фасли билан муборакбод этамиз. Қалб тўлқини билан яшаган, яхши-холис ниятнинг рўёбларига ишонган, эл дуосининг ижобатига эришган онахонга файзли умр, тан сиҳатлик тилаймиз.
Ўлмасбек Хўжаев,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.