Уй-жой низоси: У аслида қаердан келиб чиқади?

Бу каби ачинарли ҳолатлар, афсуски, жамият ҳаётида тез-тез учраб туради. Бунинг асосий сабабларидан бири шубҳасиз, уй-жойнинг рўйхатдан ўтказилмагани ва оила аъзоларининг эътиборсизлиги билан боғлиқ. Мисол учун, васиятнома бўлса-да, ота-она вафотидан кейин ҳам уй-жой уларнинг номида йиллар давомида тураверади.
Келин 5-6 нафар фарзанд кўргандан кейин ҳам яшаб турган уйига рўйхатга қўйилмайди. Боp устига номида 15-20 сотихлаб ери бор отахон ёки онахонлар ҳаётдалиги пайтида уни фарзандларга хатлаб бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.Ўтиб кетгандан кейин эса, истаса-истамаса низо келиб чиқаверади. Хўш, нуронийларга ушбу маконни қонунга мослаб ўзига ва фарзандлари номига 6 сотихдан расмийлаштиришга нима халал бераяпти?
Яна бир сабаби оилавий ажрим кимнинг ташаббуси билан бўлишидан қатъий назар, аёл болаларини олиб ота уйига кетиб қолаётгани билан боғлиқ. Икки оёғи бир этикка тиқилган бечора аёл қайнона номидаги ҳовлига сиғмай қолди. Қайнона эса «донишманд» ўғлининг гапи билан бу ҳовлини бошқа фарзандига ҳадя қилади ёки сотиб юборади. Қисқаси нима қилиб бўлса-да, келинни уйга киритмаслик учун минг бир ҳийла ўйлаб топилади.
Баъзан уй-жой бир киши номига олинади, аммо уни оғзаки келишувга биноан бошқа бир одам қуради ва яшайди. Баъзида «ука», «жиян», «қайни»лар ўзининг номидагиуйдан узоқ муддат фойдаланиш мумкинлигини билиб, «инжиқ»лик қилишади. Мол-мулк, уй-жой борасидаги низоларнинг каттагина қисми шу жараёнга тегишли.
Ҳуқуқий саводсизлик пастлиги ва эътиборсизлик ҳам бу низоларнинг яна бир омилидир. То ички ишлар ходимлари сўрамагунча кўпчилик паспортидаги ёзувларни ўқиб кўрмайди, яшаш жойида рўйхатдан ўтмайди, манзилини ўзгартирганда паспортига қайд қилдирмайди.
Уй-жой низоси туфfйли ўзбекона қадриятларимизга путур етаётгани янада ачинарлидир.Ота ўзи ёмон ибрат кўрсатгани, фарзандларига яхши тарбия бермаганини тан олгиси келмасдан «номақбул» фарзандининг «кўзини очиб қўйиш мақсадида уни уй-жойдан маҳрум қилади. Ёки бунинг акси, ношуд фарзанд ота-онасини кўчада қолдириш учун бор ҳунарини ишга солиб кўради.
Яқинда бир таниш судья ёзғириб қолди: “Ота-бола, эр-хотин, ака-ука, опа-сингилларнинг бир-бирига бўлган муносабатларини кўриб, наҳотки, шулар бир оила бўлиб яшашган ёки бир ота-онадан туғилган бўлса, деб ўйланиб қоласан...”
Уй-жой низоларидаги янги ҳолатлар - янгисини қуриш баҳонасида эски уйлар бузилиши билан боғлиқ. Айниқса, шаҳарларда бундай ҳолатларохирги пайтда анча кўпайиб кетди.Қишлоқ туманларида ҳам йўқ эмас.
Хўш, шундай вазиятда нима қилиш керак? 2-3 та низони ҳал этиб, ўзимизни овутиб юраверамизми?
Назаримизда, оилани ҳимоя қилишнинг энг асосий йўли унинг ҳар бир аъзосини илмли, ишли, уйли қилиш, кўп болали, ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни уй меҳнати билан банд этиш.
Лекин шунча ҳаракат ва эътиборга қарамасдан, айрим ҳудудларда уй-жой низоси барҳам топмаяпти. Тажриба шуни кўрсатаяптики, уй-жой низоси фақат битта оиланинг ташвиши эмас. Бунинг учун жамоатчилик фаоллиги лозим. Шу ўринда айрим таклифларимизни ўртага ташламоқчимиз.
Аввало, кадастр хизматида жиддий ислоҳот қилиш зарур. Рўйхатдан ўтказилмай турли уй-жойларни ўрганиш ва расмийлаштириш бўйича уюштирилган бир йиллик акция тажрибаси шуни кўрсатдики, бу жараён фуқаролар ҳуқуқий онгига таъсир қилибгина қолмасдан, кўплаб низоларга ҳам барҳам берди. Ана шу ишни рўйхатдан ўтказилмаган барча уй-жойларга қўллаш зарур. Айниқса аҳолини рўйхатга олиш мавсуми олдидан бу тадбир жуда кўп масалага ойдинлик киритади.
Айни чоғда жамоатчилик салоҳияти ва таъсиридан унумли фойдаланиш керак. Ҳали шахсий уй-жойи йўқ, ишлаб маош олмаган йигит-қизлар турмуш қургач, ота-онага қарам бўлади, улар айтгандай яшашга мажбур, шу сабабли келин-куёвнинг сал нотўғри ҳаракати катта ёшдагиларда салбий муносабат уйғотади. Демак фарзандларни уйлантириш ёки турмушга чиқариш уларнинг мустақил ҳаётга тайёр эканини баҳолаш ота-она зиммасида. Бу бурчни улар онгига сингдириш ўринлидир.
Фуқаролар ўртасида паспортга эътиборни кучайтириш, рўйхатдан ўтишни тушунтириб бериш ҳам уй-жой низоларини камайтиришга хизмат қилади. Бу ишни маҳалла оқсоқоли, профилактика инспектори ўз зиммасига олмоғи лозим.
Қолаверса,йиллар синовидан ўтган миллий қадриятларимизниболалар шуурига сингдириш чораларини кучайтиришимиз керак. Шариат, тартиб-тамойиллари билан, аввало, ота-оналарни, катта ёшдагиларни хабардор этиш фурсати аллақачон келган. Тегишли ташкилотлар бу юзасидан оммабоп, оилабоп рисолалар, болалар учун альбом, китоблар тайёрласа, телевизорда махсус кўрсатувлар йўлга қўйилса нур устига нур бўларди.
Мақсад битта – уй-жой билан боғлиқ низоларнинг олдини олиш шу маънода, бу борада ҳар қандай воситалардан фойдаланиш ўринлидир.Зеро, халқимиз “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, деб бежиз айтмаган.
Фармон ТОШЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
("Халқ сўзи"нинг 14 июль сонидан)