Уйда онлайн ўқиётган болаларнинг дарсларда тўлиқ иштирок этиши маҳалла ходимлари томонидан текшириб борилиши тўғрими?
АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева аҳолидан келган саволларга жавоб берди.
➖ Уйда онлайн тарзда ўқиётган болаларнинг дарсларда тўлиқ иштирок этиши, аниқроғи “давомати” маҳалла ходимлари томонидан текшириб борилар экан, шу тўғрими?
Уйда онлайн таълим олаётган ўқувчилар давомати ва бошқа бир қанча жараёнлар назоратини олиб бориш бўйича вазирлик Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликлари билан биргаликда доимий ҳамкорликда иш олиб боради. Жумладан:
➖ умумий ўрта таълим мактабларидан олинган маълумотлар асосида онлайн тарзда уйда таълим олаётган ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда уларнинг онлайн дарсларда мунтазам иштирок этишини ўрганади;
➖ ўқувчилар давоматини ўрганиш жараёнида уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказади. Бундан мақсад ўқувчиларнинг дарс машғулотларини ўзлаштириши, руҳиятида содир бўлаётган ўзгаришларни ўрганади. Шунингдек, бола руҳиятида ўзгаришлар аниқланган тақдирда, ҳамкор ташкилотлар билан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
➖ ўқувчиларнинг кунлик давомати бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатади;
➖ карантинга олинган оилаларда тарбияланаётган мактаб ёшидаги болалар тўғрисидаги маълумотларни мактаб раҳбариятига тақдим этиб боради.
Асосийси, фуқаролар йиғини раислари ва профилактика инспекторлари онлайн тарзда уйда таълим олаётган ўқувчиларнинг таълим олишларини қатъий назоратга олади ҳамда ўз ҳудудида “Давомат тадбирлари”ни ташкил этиб боради.