Uzbekistan Airways парвозлар харитасини кенгайтирмоқда:Абу-Даби – йўналишлар тармоғидаги янги манзил

Ўзбекистон ҳаво йўллари (Uzbekistan Airways) миллий авиакомпанияси ўзининг халқаро парвозлар географияси сезиларли даражада кенгайгани ва Бирлашган Араб Амирликларининг Etihad Airways авиакомпанияси билан стратегик код-шер (codeshare) келишуви имзоланганини эълон қилди.

Ушбу ҳамкорлик Uzbekistan Airways йўловчилари учун Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрига парвоз қилиш имкониятини яратади. “Тошкент – Абу-Даби – Тошкент” йўналиши бўйича миллий авиакомпаниянинг HY коди остидаги қатновларга авиачипталар савдоси 2026 йил 25 майдан бошланади. Биринчи қўшма парвозларни амалга ошириш эса 2026 йил 9 августдан йўлга қўйилади.

Эндиликда йўловчилар ягона авиачиптани бевосита миллий ташувчидан харид қилган ҳолда, Абу-Дабига ўз саёҳатларини режалаштиришлари мумкин. Ўз навбатида, Etihad Airways меҳмонлари Тошкент орқали Ўзбекистоннинг саккизта ички йўналиши – Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус, Термиз, Фарғона, Наманган ва Андижонга қулай уланиш имкониятига эга бўладилар.

Ҳамкорлик, шунингдек, UzAirPlus ва Etihad Guest содиқлик дастурларини интеграция қилишни ҳам кўзда тутади. Бу ҳар иккала авиакомпаниянинг тез-тез парвоз қилувчи йўловчиларига балларни тўплаш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, парвозлар янада манфаатли бўлишини таъминлайди.

Абу-Дабига қатновларнинг очилиши Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясининг Дубайга амалга оширилаётган амалдаги ҳар кунги қатновларига муҳим қўшимча бўлиб, йўловчиларга БААга саёҳатларни режалаштиришда янада кўпроқ мослашувчанлик ва қулайликни таклиф этади.

Янги авиқатновлар учун чипталарни шу йилнинг 25 майидан www.uzairways.com расмий сақтида, мобил иловада, шунингдек, Uzbekistan Airways Sales филиалида ва авиакомпания агентларидан банд қилиш мумкин.