Самарқанд ва Урумчи ўртасида авиақатнов йўлга қўйилди

Самарқандда ўтказилаётган Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси 25-сессияси арафасида Air Marakanda компанияси China Southern Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликда илк бор "Самарқанд-Урумчи" йўналишида мунтазам қатновларни бошлади.

Биринчи парвоз муносабати билан Самарқанд халқаро аэропорти терминалида тантанали маросим ташкил этилди. Урумчидан учиб келган илк йўловчилар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Air Marakanda компанияси бош директори Антон Ходжаян, China Southern Airlines авикомпаниясининг Тошкентдаги ваколатхонаси бош директори Шен Йи ва Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов Самарқанд ва Урумчи ўртасида йўлга қўйилган мазкур авиқатнов истиқболли бўлишини таъкидладилар. Бу қадимий Буюк ипак йўлининг замонавий шаклда қайта тикланиши ифодаси бўлиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Эндиликда Самарқанддан Синьзян-Уйғур автоном районининг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказига парвозларни ҳафтанинг душанба куни тунда 01:30 да амалга ошириб, Урумчидан якшанба куни соат 23:20 да қайтиш мумкин.

Авиақатновлар замонавий ва барча қулайликларга эга "Boeing 737-800" самолётларида амалга оширилади.