Вақтинча сақланаётган ғалла ёмғирда қолдими?

Жорий йилда вилоятимиз ғаллакорлари 94,2 минг гектар ердан 820 минг тонна ҳосил йиғиштириб олди. 235 минг тоннадан ортиқ ғалла шартнома асосида давлатга сотилди. Қолгани фермер хўжаликлар ихтиёрида ва вақтинча сақлаш омборхоналарига жойлаштирилди.

Аммо бир неча кун олдин ёққан ёмғир вақтинча сақлаш омборларига жойлаштирилган ғаллага зарар етказганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қанчалик ҳақиқат? 

Маълумотларга кўра, ҳозирда вилоятда 4 та дон корхонаси, 1 та филиал, 2 та дон кластери ва уларга қарашли 13 та дон қабул қилиш масканлари мавжуд. Ушбу дон қабул қилиш масканларининг очиқ майдонларида 153,3 минг тонна ғалла қабул қилинган. Доннинг 129,8 минг тоннаси корхоналарнинг элеватори ёки ёпиқ омборларига ҳамда биржа савдолари орқали сотиш учун ташиб кетилган. 

– 23 октябрь ҳолатига кўра, Челак шаҳарчаси, Пайариқ, Оқдарё, Самарқанд ва Иштихон туманидаги дон қабул қилиш масканларининг очиқ майдонларида 23,4 минг тонна ғалла қолдиғи мавжуд, - дейди «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси шуъба бошлиғи Рашид Собиров. - 16,5 минг тонна ғалла махсус майдонларда усти ёпилган ҳолда сақланмоқда. Жамғарма ҳисобидаги очиқ майдонларда сақланаётган 6,9 минг тонна ғалла дон корхоналарининг элеваторлари ва ёпиқ омборларига ташилмоқда. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июнда «2023 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, вақтинча сақлаш учун қабул қилинадиган товар буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга юклаб жўнатиш харажатлари тижорат вакили ва дон етиштирувчилар ўртасида тузилган шартнома шартларига мувофиқ жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳамда ушбу буғдойни ташиб келтириш учун транспорт харажатлари етиштирувчилар ҳисобидан амалга оширилади. Шунга кўра, буғдой етиштирувчиларнинг харажатларини ошириб юбормаслик учун вақтинча сақлашда турган 16,5 минг тонна ғалла биржа савдолари орқали тўғридан-тўғри шу ернинг ўзидан сотилади.

Очиқ майдонлардаги ғалланинг ёпиқ сиғимларга ўз вақтида киритилиши юзасидан Пахтачи, Каттақўрғон, Иштихон, Оқдарё, Пайариқ ва Самарқанд туман ҳокимларига қонунбузилиш ҳолатларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича тақдимномалар киритилган. 

Ўктам Худойбердиев.