Ватан бирор сабабга кўра севилмайди

Чунки ҳар бир кишининг Ватани ўзи учун қадрли ва севимли.

Бани башарда ўз киндик қони тўкилган жойга нисбатан севги туйғуси мавжуд. Низомиддин Навоий бу ҳолатни илк марта ўзининг йигитлик йилларида ёзган машҳур рубоийсида юксак маҳорат билан бадиий тасвирлаганки, у ҳали ҳануз туркий тилли халқлар оғзида зарбулмасал бўлиб келмоқда. Навоий рубоийда оддийгина хас-ҳашак, тиканлардан ясалган ўз ошёни подшоҳларнинг олтин қафасидан ортиқ кўрган булбул тимсолини ғоят ёрқин ранглар орқали тасвирлаган эди:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтун қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Шоир ўз асарларида, хусусан, достонларида ватанпарварликни инсонпарварлик, одиллик, маърифатпарварлик, миллий мустақиллик ғоя ва тушунчалари билан боғлаб талқин этган. Масалан, “Садди Искандарий”да у Дорони мустақил Эрон шоҳи, деб қуйидагича таъриф-тавсиф этади:

Жаҳон мулкида мустақил подшоҳ,

Aнга топшуруб шоҳлар тошу гоҳ.

Бироқ у зулмкорликка берилиб, халқи уни қўллаб-қувватламагани учун Искандардан енгилади. Демак, Aлишер Навоийнинг фикрича, ўз мамлакатининг озодлигини, мустаҳкамлигини сақлаб қолмоқчи бўлган ҳар кимса, адолатли ва маърифатли бўлиши шарт.

Навоий таъкидлаганидек, бизнинг гўзал бўстонимиз – Ўзбекистон. Соғинч ва меҳр қоришган буюк аждодлар каломида баён этилган юртимиз доимо биз, фарзандлар учун муқаддас даргоҳ. Юртнинг эртаси бўлган ёшлар жаҳон минбарида байроғимиз ҳилпираши учун ҳамиша камарбаста.

Aлишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонидан шундай байтни ўқиймиз:

Иёлу Ватан узра то жони бор,

Киши ҳарб этар токи имкони бор.

Яъни, “ҳар бир инсон, у ҳақиқий инсон бўлса, то тирик экан, ўз Ватани ва оиласи (иёлу)ни имкони борича ёвдан ҳимоя этишга ҳаракат қилади”.

Маълум бўладики, Aлишер Навоий Ватан ва оилани бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар, деб қараган. Демак, киши учун ўз оиласи – Ватани. Ҳар ким ўз оиласига меҳрли бўлар экан, у яшаган жойини, шаҳрини, вилояти ва мамлакатини сева олади. Бу силсиланинг бирор-бир занжирига ҳам путур етмасмлиги лозим.

Худди шу маънода мен ҳам шу миллатнинг вакилиман, бир бўлагиман. Ҳар бир ютуғига қувонаман, қусурига ачинаман. Юртимнинг ҳар бир вакили мен учун азиз. Миллатим феъли шунчалар ранг-барангки, таърифида китоблар битса арзийди.

Ватан севгиси инсон фитратига жо этилмаганда эди: ватани чўл, ботқоқ ва ёки музликлардан иборат бўлганлар ўз она ерини мафтун бўлиб сева олмас эди, назаримда.

Aлишер Навоий ўз даврининг давлатманд кишиларидан бири бўлган. Бинобарин, бу унинг ҳажга боришини тақозо этган. Лекин у икки бор сафарга отланганда ҳар сафар Султон Ҳусайн Бойқаро унинг мамлакатдан узоқлашишини истамаган, бунинг учун қулай шароит йўқлигини, мамлакатда ва қўшни ўлкаларда вазият мураккаблигини айтиб, уни муборак ҳаж сафаридан қайтарган. Ўз мамлакатини, халқини жондан ортиқ севган Навоий эса подшоҳнинг илтимосини қабул қилган ва ҳаж савобига бошқа хайрли ишларни бажариш билан эришишга қарор қилган.

Aълохон Маҳмудов,

Шаҳрисабз давлат педагогика институти талабаси.