“Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!”

Ватарпарварлик ойлиги доирасида Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округда ҳарбий қисм, вилоят божхона ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармалари билан ҳамкорликда “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбийликка қизиқиш уйғотиш мақсадида ташкил этилган тадбирда “Қалқон жасорат” мактаби ўқувчилари ва коллеж талабалари ҳамда Божхона институти курсантлари иштирок этишди.

Унда ёшлар учун ҳарбий техника ва қуроллар кўргазмаси билан бирга божхона тизимида хизмат итларининг фаолияти бўйича тушунчалар берилиб, амалиётда хизмат итларини гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, валюта қимматликларини қидириб топиш маҳоратлари намойиш этилди. Соҳага қизиқиш билдирган ўқувчилар божхоначилар билан суҳбатлашиб, саволларига жавоб олишди.

Байрам тадбирлари давом этиб, вилоят божхоначилари Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳамда Самарқанд шаҳридаги 77-МТТ га ҳам ташриф буюрди. Тадбирда болажонлар божхона ходимларига шеърлар айтиб беришди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.