Вазир раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ мактабларда 70 дан ортиқ камчилик аниқлади

Аввал хабар қилганимиздек, вилоятда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида ишчи гуруҳ мактаблар фаолиятини ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ умумий ўрта таълим мактабларида эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Бугунги кунда вилоятдаги 1255 та мактабнинг 1218 таси янги ўқув йилига тайёр ҳолга келтирилган. 51 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг 14 таси 14 сентябрга қадар фойдаланишга топширилади, 37 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этади.

Мактабларда қўнғироқлар чалинмайди

Мактабларнинг фаолияти анъанавий тарзда йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилади. Ўқувчиларнинг анъанавий ёки онлайн таълим шаклига жалб этилиши, ўқитувчиларнинг тест топширганлиги ҳолати, мактабнинг дозатор, пирометр, антисептик воситалар ҳамда тиббий ниқоб билан таъминланганлигига эътибор қаратилади ва қатъий назоратга олинади.

Ўқувчилар мактабга бир вақтда келмайди. Бошланғич синф ўқувчилари соат 08:00 да келса, ўрта синфлар 08:30 да, юқори синфлар эса 09:00 да келади. Танаффуслар ҳам худди шундай тартибда бўлади ва ўқувчиларнинг бир вақтда тўпланишига йўл қўйилмайди. Шунинг учун мактабларда қўнғироқ чалинмайди.

Бундан ташқари, ҳар бир мактаб кириш йўлагига 2 метрлик масофада чизиқлар чизилади. Ўқувчилар масофа сақлаган ҳолда бинога киритилади, дарс тугагач, бошқа эшикдан чиқарилади. Дарс машғулотларида ўқитувчи ва ўқувчилар тиббий ниқобда бўлади. Ўқувчилар ота-оналар томонидан тиббий ниқоб билан таъминланади, фақат кам таъминланган оила фарзандларига ҳар куни 2 донадан ниқоб берилади.

69,5 фоиз ота-она анъанавий таълим шаклини танлади

4-8 сентябрь кунлари вилоят бўйича 64 та мактабда ўқув жараёнини бошлаш бўйича намунавий семинар-тренинглар ташкил этилди. Тренингларда болаларга умумтаълим муассасаларида карантин қоидаларига риоя қилиш тартиби тушунтирилди. Худди шундай семинарлар бошқа мактабларда ҳам ўтказилмоқда.

Жойлардан берилган таклифларга кўра, мактаблар босқичма-босқич ўз фаолиятини бошлайди.

- 9 сентябрдан бошлаб барча туман, шаҳар марказларида 1 тадан жами
16 та мактаб;

- 10 сентябрь куни марказдан четда жойлашган 16 та мактаб;

- 11 сентябрь куни 71 та мактаб;

- 12 сентябрь куни 110 та мактаб;

- 14 сентябрь куни 1042 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши белгиланган.

Ўқувчиларни таълим жараёнига жалб қилиш борасида бугунги кунга қадар 686 минг 485 нафар (93 фоиз) ота-она билан мулоқот қилинди. Шундан 477 минг 341 нафар (69,5 фоиз) ота-она анъанавий таълим шаклини, 209 минг 144 нафари (30,5 фоиз) эса масофавий таълим шаклини танлади.

15 минг 350 нафар педагог COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича тест топширди

Ҳозиргача вилоятдаги 704 мактабда дарс жараёнларини ташкил этиш ҳамда кириш-чиқиш схемалари ишлаб чиқилиб, тайёр ҳолга келтирилди. 799 та мактаб туман СЭО марказлари томонидан ўрганилиб, шундан 423 таси фаолиятини бошлашга тайёрлиги аниқланди.

Мактаблар ўз фаолиятини анъанавий тарзда бошлаши учун туман ҳокимликлари таклифига асосан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тегишли қарор қабул қилиниши лозим. Шундан сўнг мактаблар очилишига рухсат берилади.

7 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятда 15 минг 350 нафар (26 фоиз) педагог COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича ПЗР тестларини топширди.

Мактабларнинг қуввати ва ўқувчи сонидан келиб чиқиб, вилоятдаги мактабларга:

- 1155 нафар шифокор;

- 1001 нафар ИИБ ходими;

- 573 нафар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими;

- 1055 нафар маҳалла фуқаролар йиғини ходими бириктирилди.

Мактабларга 2 млрд. 280 млн. сўм маблағ ажратилди

Вилоят мактабларига 9138 та дозатор, 2355 та пирометр, 308 минг 454 литр антисептик воситалар ҳамда кам таъминланган оила фарзандлари учун 2 млн. 566 минг 288 та тиббий ниқобга эҳтиёж борлиги аниқланди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабларга пирометр ва дозатор воситаларини харид қилиш учун 2 млрд. 280 млн. сўм маблағ ажратилди. Ўқиш бошлангунга қадар барча мактаблар талаб этилган санитария-гигиеник воситалар билан тўлиқ таъминланади.

Ишчи гуруҳининг умумий ўрта таълим мактабларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўрганиш ишлари давомида 123 та мактабда 71 та камчилик аниқланди ва шундан 62 таси бартараф этилди. Масалан, ишчи гуруҳ Нуробод тумани мактабларини ўрганганида 13-, 28-, 67-умумий ўрта таълим мактабларида ичимлик суви муаммо экани аниқланди. Ушбу муаммони ҳал этишни туман ҳокимлиги ўз зиммасига олди, яъни ҳар куни мактабга сув ташиб келтириш йўлга қўйилади.

Ўрганиш ишлари 14 сентябргача давом этади.

Қўлдош САИДОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.