Вазирлик ва идораларнинг вазифалари такрорланмаслиги қандай таъминланади?

Президент Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат бошқаруви органлари, яъни вазирлик ва идораларнинг бир-бирига ўхшаш ваколатларни амалга ошириши, функцияларини такрорлаши, ваколатига кирмайдиган ишларни бажариши билан ислоҳотларни таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда, деб алоҳида уқтириб ўтди.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнининг тизимли таҳлили ва аҳоли билан мулоқот натижалари давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг  фаолиятини ташкил этишда ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи жиддий камчиликларнинг сақланиб қолаётганлигини кўрсатди.  Шу боис Президентимизнинг 2017 йил 8 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан тасдиқланган концепцияда ижро этувчи ҳокимият органлари (вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар) ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегаралаб қўйилмаганлиги уларнинг давлат аппаратидаги аниқ ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаётгани кўрсатилди. Шунингдек, айрим ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив характерга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уларга хос бўлмаган функцияларнинг бажарилиши, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солинишига олиб келяпти.

Маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган. Давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келмоқда.

Бир қатор идораларнинг вазифалари декларатив хусусиятга эгалиги ва уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистикани тўплашдан иборат бўлиб қолган фаолиятни баҳолашнинг самарасиз тизими ва бу кўпчилик ҳолларда жойлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини акс эттирмаслиги ҳам қайд этилган.

Мурожаатномада Ҳукуматга бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси кўрсатилган. Мазкур ишларни амалга ошириш баробарида давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш ҳам назарда тутилган.

Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида давлат бошқарувини номарказлаштириш принципи асосида “юқоридан қуйига” қараб институционал такомиллаштириш талаб этилади. Бунда барча давлат бошқаруви органлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилиши, бу идоралар фаолиятини таъминлайдиган тегишли ҳужжатлар бевосита Ҳукуматнинг ўзи томонидан тасдиқланиши, уларнинг раҳбарлари Парламент томонидан вазифага қўйилиши изчил давом эттирилади. 

Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари бир томонлама, фақат юқори турувчи органларга бўйсундирилиши лозим. Айниқса, туман (шаҳар) даражасидаги идораларнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўйсуниши, жойларда давлат бошқарувини ва ижрони ташкил этишда турлича ёндашувларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 11-моддасида давлат ҳокимият органларининг бўлиниш принции қатъий белгилаб қўйилган.

Қонун ҳужжатларида белгиланганидек, барча даражадаги вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий тузилмалари вазифаларини аниқлаштириш, уларнинг қонунчилик тартибида қатъий белгилаб қўйиш, бир-бирлари функцияларини такрорламаслик йўлида изчил ислоҳотлар давом эттирилиши лозим.

Гулнора Худойбердиева,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлари номзоди.