Вилоят экология бошқармаси бошлиғининг ўринбосари тайинланди
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган негатив маълумотлар ортидан бу лавозим вакант бўлиб қолганди.
Вазирнинг тегишли буйруғига кўра, Хушваков Дилшод Мурадуллаевич вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган.
Д.Хушваков 2020 йилдан тайинловга қадар вилоят ҳокимлигида етакчи мутахассис сифатида ишлаган.
1988 йилда Паст Дарғом туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, шунингдек, Самарқанд давлат университетини тамомлаган.
Шунингдек, Д.Хушваков 2014–2016 йилларда вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасида, 2017–2019 йилларда вилоят ҳокимлигида ишлаган. 2019–2020 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси кадрлар бўйича бош инспектори сифатида фаолият юритган.