Вилоят рахбарининг эътибори туфайли фарзандим оёққа турди
Шу йилнинг октябрь ойида 10 ёшли ўғлимнинг тоби қочди, уни дилатацион кардиомиопатия ташхиси билан шифохонага ётқиздик. Юрак қисқариши кескин тушиб кетиб, азоб чекди. Унинг ранг-рўйига қараб, менинг ҳам на ишимда, на турмушимда маъно қолди. Дўхтирлар «Имкон қадар даволаймиз, аммо тезроқ тажрибали шифокорларга кўрсатмасангиз бўлмайди», дегач кўмак сўраб, телеграм орқали вилоят ҳокимига мурожаат қилдим.
Тезда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари кўмагида шифохонага малакали мутахассислар келди. Улар ўғлимнинг касаллик тарихини ўрганиб, қайтадан муолажа бошлашди. Орадан 5 кун ўтиб, болам ўзига келди, 10 кундан кейин юрак уриши анча яхшиланди. Ҳозир ўғлимнинг соғлиғи яхши. Уйда даволашни давом эттиряпмиз.
Буни ёзишимдан мақсад - одамларнинг дарди билан қизиқадиган, уларнинг муаммоларини бартараф этадиган инсонларнинг кўплиги, вилоятимиз ҳокимининг минг ташвиши бўлса-да, одамларга хоҳлаган вақтда ўзига мурожаат қилиш имконини берганлигини эътироф этиш. Шу имконият туфайли фарзандим ҳаёти сақлаб қолинди.
Дилфуза САИДОВА,
Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, Янги ҳаёт маҳалласи.