Вилоятда маънавият ва маърифат соҳасидаги ишлар талабга жавоб берадими?
Вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда кенгаши раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов ва кенгаш аъзолари, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари О.Ҳасанов иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Сўнгги уч йилда вилоятнинг 16 та туман (шаҳар)ида маънавият ва маърифат масканлари барпо этилиб, “Маънавият фестивали”, “Маърифат улашиб”, “Маҳаллада кино карвон”, “Маърифатли китобхон” ҳамда “Миллий контент”, “Матонатли йўл” каби маънавий-маърифий лойиҳалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 11 минг 200 дан зиёд маънавий- маърифий тадбирлар ташкил этилиб, 283 мингдан ортиқ аҳоли жалб қилинган. Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ҳудудда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор камчилик ва муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
- Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилояти бўлими ва 16 та туман (шаҳар) бўлинмаси томонидан 448 та корхона, ташкилот ва идоралар билан биргаликда маънавий-маърифий соҳада ҳамкорлик “Йўл харита”лари ишлаб чиқилган, - деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари О.Ҳасанов. - Бироқ туман ва шаҳар Маънавият ва маърифат кенгашларининг ижро ҳужжатлари бир хил намунада, расмиятчилик учун тузилган, “Йўл харита” бандларида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги ва мавжуд муаммолари инобатга олинмаган, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳити таҳлил қилиб борилмаган ва Кенгаш иш режаларида белгиланган аксарият вазифалар ижроси таъминланмаган.
Йиғилишда вилоятда бугунги кунда 419 та ташқи реклама ва эълонлар,
баннерлар, кўргазмали тарғибот воситалари, бильбордлар ва LED экранлар мавжуд бўлса-да, аҳоли гавжум жойларда маънавият ва давлат тилига доир ташқи тарғибот материаллари етарли даражада эмаслиги айтилди.
Муҳокама якунида миллий контентларни кўпайтириш, вилоятдаги барча маҳаллаларда "Маҳаллаларда кино" лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда фильмлар намойишини ташкил этиш, ташкилотлар ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини жонлантириш мақсадида барча корхона, ташкилотларда кичик кутубхоналар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.