Вилоятда “қизил” маҳалла бўлмаслиги керак
Самарқанд вилоят прокуратурасида маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда профилактик тадбирларни янада жадаллаштириш, бунда маҳалла еттилигининг ролини аниқ белгилашга қаратилган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, тегишли бошқарма ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси органлари бошчилигида “қизил” тоифадаги маҳаллаларни ижобий тоифага ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
– Бугунги кунда вилоятдаги 1126 маҳалладан 13 таси “қизил” тоифага киритилган, – деди вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозаров. – Жорий йилнинг январь ойида вилоят прокуратураси томонидан ишлаб чиқилган тизим асосида “қизил” тоифадаги маҳалла “сариқ” тоифага ўтди. Бу натижага эришиш учун фаол меҳнат қилган маҳалла “еттилиги”ни ҳар чорак якуни билан рағбатлантириш йўлга қўйилди. Шунингдек, барча туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларга бош прокурор таҳрири остида чоп этилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тартиби” ўқув-услубий қўлланмаси етказиб берилди. Эндиликда вилоятимиздаги барча маҳалларда ана шу тизим йўлга қўйилади ва “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида хавфсиз муҳитни яратишни ўз ичига олган кенг кўламли концепция ҳаётга татбиқ этилади. Унда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, солиқ ходими ҳамда ижтимоий ходимнинг маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан ишлаш борасидаги вазифалари аниқ белгилаб берилган.
Йиғилишда ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишлар, янги механизмни амалиётга татбиқ этишда прокуратура, ички ишлар бошқармаси, ҳокимликлар, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, солиқ, оила ва хотин-қизлар, камбағаликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш, ёшлар ишлари агентлиги ва ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармалари ва уларнинг қуйи тузилмаларининг вазифалари белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбирда жорий йилнинг январь ойида вилоятда аёллар жиноятчилиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга (43/56) ошганлги қайд этилиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлиги танқидий муҳокама қилинди. Негаки, жиноят содир этган 44 нафар хотин-қизлар бандлиги бўйича таҳлил қилинганида, 21 нафари уй бекаси ҳамда 23 нафари бандлиги таъминланганлиги маълум бўлди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан мутасаддилар томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.