Воҳид Абдулла: "Эй, тулпор, она тилини яхши билмай, чет тилидан мутахассис бўлиш қийин"

Навоийшунос олим, етук шоир, аллома Воҳид Абдуллаев 1912 йил 15 майда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган.

“Самарқанд сайли”, “Бедор қўшиқлар” шеърий тўпламлари, “Янгилик ярашади”, “Мададкор эшелон” каби рисола ва ҳужжатли қиссалар муаллифи.

Ўзига жуда яқин олган талаба ва шогирдларига "Эй, тулпор... ", деб насиҳат қиладиган академик 1985 йилда вафот этган.

Қуйида алломанинг бетакрор фалсафий фикрлари билан танишасиз.

***

Эй, тулпор, институтни битирдингми? Инглиз тилини чуқурроқ ўрганавер, лекин ўзбек тили ва адабиётини ҳам билавер. Она тилини яхши билмай, чет тилидан мутахассис бўлиш қийин.

---

Улуғлик ҳам, умр боқийлик ҳам ҳамма келиб-кетганларда бўлавермайди. Қанд ҳам оқ, туз ҳам оқ. Аммо бири ширин, бири шўр. Одам ҳам шакл тузилиши жиҳатидан бир-бирига монанд. Аммо ҳаммани ҳам инсон деб бўлмайди... Халқнинг меҳрини, эътиборини қозона олган, унинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган, нур таратувчи, илҳом бахш этувчи, тортув қувватига эга бўлган меҳри қуёш одамгина баркамол, ҳақиқий одам ҳисобланади.

---

Филология факультетида ўқиётган, келажакда адабиёт мутахассиси бўлишни истаган ҳар бир талаба 50 минг мисра шеърни ёддан билиши керак.