Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов натижалари айтилди
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот марказида 27 октябрь куни ўтказилган сайлов якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Бу йил вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 8 та бир мандатли сайлов округи, халқ депутатлари вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари учун 410 та сайлов округи тузилган эди.
– Сайлов куни вилоят ҳудудидаги 1130 та сайлов участкасида мазкур округлар бўйича депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга овоз берилди, – деди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев. – Овоз бериш жараёнлари соат 8.00 да бошланиб, 20.00 да якунланди. Сайловни 100 га яқин халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, ҳудудий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 минг 650 нафар сиёсий партиялар кузатувчилари, 1 минг 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари сайлов участкаларида иш олиб борди.
Сайлов куни 1 миллион 636 минг 873 нафар фуқаро овоз беришда иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 75,9 фоизини ташкил этади. 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида вилоят бўйича 181 минг 925 нафар сайловчи овоз берган эди.
Овоз бериш натижаларига кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 16 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 14 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан 9 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 10 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 11 нафар депутат сайланди.
Сайлов кодексининг 97-моддасида маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилиниши ва матбуотда эълон қилиниши белгиланган.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.