Халқ таълими тизимидаги 54 нафар ўқитувчи ва мураббийларга давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари топширилди
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан катта тадбир бўлиб ўтди.
Байрам тадбири аввалида давлатимиз раҳбарининг таълим соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 сентябрдаги тегишли Фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган таълим соҳасидаги 91 нафар, шу жумладан халқ таълими тизимидаги 54 нафар ўқитувчи ва мураббийларга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медалларини топширди.
Тадбир давомида иштирокчилар учун таниқли санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Тантанали тадбирдан сўнг ўқитувчи ва мураббийлар учун байрам дастурхони ёзилди.
Байрам тадбирлари бугун давом этади. Унда шаҳардаги диққатга сазовор масканлар, шу жумладан, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси каби қатор тарихий обидаларга саёҳат уюштирилиши режалаштирилган.