Халқаро форум иштирокчилари кузатиб қўйилди

Самарқандда шу йилнинг 9–10 июль кунлари бўлиб ўтган «I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусидаги нуфузли анжуман ўз ишини якунлади.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев форум иштирокчиларини Самарқанд темирйўл вокзалида кузатиб қўйди.

Форум доирасида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган олимлар, уламолар, давлат ва жамоат арбоблари ўзаро мулоқот қилиб, Ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий мероси, тинчлик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Хорижлик иштирокчилар форумнинг юксак ташкилий савияда ўтказилгани, яратилган қулай шароитлар ҳамда Самарқандга хос самимий ва шарқона меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар. Улар қадимий ва навқирон Самарқандда ўтган мазкур халқаро форум нафақат илмий мулоқот майдони, балки турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим платформага айланганини алоҳида таъкидладилар.

Мазкур халқаро форум Самарқанднинг жаҳон илм-фани ва цивилизациялар мулоқоти марказларидан бири сифатидаги нуфузини яна бир бор намоён этиб, Ўзбекистоннинг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.